Бугун 18 ноябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Севган қизини буйрагини сотишга мажбур қилган сохта ошиқ

A A A
Севган қизини буйрагини сотишга мажбур қилган сохта ошиқ

Леонид жинояти ҳақида журналистга бор гапни яширмай айтиб бергач, орқасидан сўраб ҳам қўяди:

— Сиз кейин турмага ўзим чиққан газетани келтириб берасизми? — дея мазах аралаш сўрайди қатор қўйдирилган тилла тишларини кўрсатиб Леонид.

— Сен бекорга куляпсан! — танбеҳ беради жаҳли чиқиб кетган соқчи.

— Нима, йиғлашим керакми?!

34 ёшли Леонид Чебасов (лақаби Чебасик) уни севиб қолган 33 ёшли Ксения ҳамда қизнинг оиласини алдаганликда, ҳатто буйрагини сотишга мажбур қилганликда айбланмоқда.

Чебасикнинг қилмишлари

Ксения Чебасик билан 2011 йилнинг охирида дўстлар даврасида танишган. Лёня қиз билан танишишга ҳаракат қилиб, ўзини уйланмаган, ўзининг бир хонали квартирасида, қарз, бола ва кредитлардан холи йигит сифатида таништирган. Ўзи эса нон ишлаб чиқарувчи цехда қандолатчи бўлиб ишлашини таъкидлаган. Келишган йигит Ксюшага хушомад қилишга ўтди ва тез орада қиз ҳам унинг ғамхўрликларига жавоб қайтара бошлади.

Леонид бу пайтда қоғоз ишлаб чиқарувчи комбинатда оддий ишчи бўлиб ишлар, муқаддам ўғрилик ва зўравонлик учун судланган безори бир йигит эди. Шу билан бирга у ўта эътиборли ва айёр бўлгани учун бир ҳафтага қолмай отга қамчи босди. Ксюшага тўй, болалар ҳақида оғиз очди... Қиз бу гапларга лаққа тушиб, ўзи кутган йигит шу эканлигига бир зумда ишонди.

Бир куни Леонид қовоғи уйилган ҳолда кириб келди. Ксюша уни кечки овқат, ширин сўзлар билан кутиб олди.

— Менга бандитлар таҳдид қиляпти, — дея ёрилди у.

Ксюша креслога ўтириб қолди-ю, дарҳол ўзини босиб:

— Бирон нима ўйлаб топармиз, — дея тинчлантирди севгилисини.

Леня энг тўғри йўл — бироз вақтга беркиниб туриш эканлигини таъкидлади. Энг ёмони, унинг бир рубль ҳам пули йўқ экан. Ксения унга чипта ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш учун тўрт минг рубль пул беради. Леня пулни олиб, хотинининг олдига йўрғалаб қолади.

Кўр кўрни қоронғида топибди

Галина наркотиклар савдоси туфайли қамалиб, озодликка чиққач, Перм вилоятининг Губаха шаҳарчасида яшай бошлади. Лёня билан у машҳур сайтлардан бирида танишиб қолди ва тез орада уни меҳмонга чақирди. Бир нечта учрашувлардан сўнг йигит уни бирга яшашга таклиф қилди ва Галя рози бўлгач, 2012 йилда турмуш қуришди.

Бу пайтда Ксения ҳамда Леониднинг муносабатлари ҳам параллел равишда ривожланаётган эди. Ксюша танлагани ундан яширинча уйланиб олганини ҳатто хаёлига ҳам келтирмади. Бироқ Галина у ҳақда ҳаммасини биларди. Леня Ксения уни қаттиқ севиб қолгани ва ундан энг қимматли нарсаларини ҳам аямаслигини айтиб мақтанганди. Галяга бу ёқиб тушди ва содда қиздан пул соғишга эрига ёрдамлаша бошлади.

Кредит устига кредит

Ксения бечоранинг севган йигити муаммолари ҳеч тугай демасди. У қизга босқинчилар уни қаттиқ дўппослашганини айтиб, даволаш учун 50 минг рубль сўрайди.

Чебасикнинг бошқа баҳонасида эса бизнесмен бўлмоқчи эканлигини таъкидлаб, бу бизнеси Ксения билан қурмоқчи бўлган оиласининг молиявий асосини ташкил этишини таъкидлади. Иш бошлаш учун бошланғич капитал — 100 минг рубль керак эди. Ксения ўйлаб ҳам ўтирмасдан паспортини олди-ю, кредит расмийлаштирди. Сўнг Чебасик бизнесини янаям ривожлантириш учун 300 минг кераклигини айтди, қиз яна янги кредит олди.

Тез орада альфонс ёқимсиз вазиятга тушиб қолгани ва ҳуқуқшунос ёрдами учун 50 минг рубль кераклиги ҳақидаги янги баҳонани тўқиди. Сўнг бундай гонорарлардан яна учта адвокатга «тўлашди»... Ксения янгидан-янги кредитлар олаверди.

Пулнинг бир қисмини Ксюша Леонидга эмас, унинг хотини Галинага беради. Чунки ёлғон афсоналарга кўра, у гоҳ камерада, гоҳ шифохонада бўларди. Бундан ташқари, Галя қизни улар шунчаки таниш эканлигига ишонтириб, севгилисидан миннатдорчилик ва севги хатлари етказиб турарди. Ксениянинг пуллари эвазига альфонс ва унинг рафиқаси тараллабедод ҳаёт кечира бошлашибди.

Гўзал ҳаёт

Чебасик содда қиздан олган пулларини орқа-олдига қарамай сарфлай бошлади. Ўзига қимматбаҳо спорт костюми сотиб олди, бар ҳамда ресторанларда овқатланди, ўзига тилла тиш қўйдирди — Ксения билан учрашгунга қадар у ҳатто жилмайишга ҳам уяларди, чунки тишлари тўкилиб тушганди. Ўзининг қонуний рафиқаси Галина учун ҳам нимадир ажратишни унутмади. Диван, икки табақали шкаф, норкали пальто (шунинг ўзи юз минг туради).

Бир куни Ксюша Леониднинг квартирасига огоҳлантирмасдан ташриф буюрди — йигит бир неча кундан буён қўнғироқ қилмаган, қиз эса унинг саломатлигидан хавотир олганди. Эшикни Галя очди.

Чалкаш фикрлар

Кутилмаган бу ҳолатдан қизнинг миясида чалкаш фикрлар ғужғон ўйнай бошлади. Ахир у олдинлари Галяни фақат пул бераётган чоғида учратар, йигитнинг оддий бир таниши деб ўйларди. Энди эса уни уй халатида Леониднинг квартирасида учратиб турибди. Бироқ эр-хотинлар қизга яна янги эртак тўқишди: “Вой, мен меҳмонга келгандим, холос”. Қиз эса бу гапга ишониб, яна янгидан-янги қурбонликлар қилишга киришди. Икки йиллик алоқадан сўнг Ксения энди кредит ҳам ололмай қолганди, шунда Леонид унга квартирасини сотишни маслаҳат беради. Ксения ўйлаб ҳам ўтирмасдан кўчмас мулкидан воз кечиб, ота-онасиникига кўчиб ўтди. Квартира сотилишидан тушган пуллар кредитларнинг бир қисмини қоплагач, қолгани йигитга берилди. Табиийки, пуллар тез орада тугади ва альфонс қизни ота-онасининг номида бўлган кўчмас мулкни гаровга қўйиб, пул олишга кўндирди. Ксения ота-онасини кўндириб, квартираларини гаровга қўйдирди.

2016 йил Леонид хотини билан ажрашиб, яна уйланишга чоғланди. Энг қизиғи, Ксенияга эмас. Қиз ҳатто бир куни кафеда севган йигитини қўлида никоҳ узуги ва қаршисида кетворган бир қиз билан кўрганида ҳам шубҳаланмади.

— Ҳа, буни шунчаки тақиб кўргандим. Ахир биласан-ку, мен фақат сени севаман, — навбатдаги ёлғонини тўқиди йигит.

Ксения одатдагидек яна унга ишонди.

Буйракни сотиш операцияси

Ксения ҳамда оиласида сотиш учун ҳеч нарса қолмагач, альфонс энди қимматбаҳо бир фирибгарликни ўйлаб топди. У қизни буйрагини сотиб, пул олишга тайёрлай бошлади. Фирибгарлик баҳоси анчагина эди — битта буйрак 25 000 доллар турарди.

Маккор Чебасик ўзини қизнинг қарзларидан хавотир олаётгандек тутиб, бу чорасизликдан чиқиш учун ўз буйрагини беришга ҳам тайёр эканлигини айтади.

— Фақат битта менинг буйрагимнинг пули етмайди. Сен ҳам ўзингникини сотсанг, балки етиб қолар, — аврай бошлади ёлғончи.

Ксения ўйлаб ҳам ўтирмасдан рози бўлди.

Фирибгар Ксенияни кўндиргач, ҳаётий муҳим органини у биринчи бўлиб сотиши кераклигини айтади.

— Мен сенга шифохонада ва уйда ғамхўрлик қилишим учун соғ бўлишим керак, — деди Леонид.

Жуфтлик Екатеринбургга йўл олиб, тегишли текширувлардан ўтишди. Бироқ муолажалар учун кетган 150 минг рублни ҳам фирибгар Ксениядан олади.

Буйрак бутун қолди

Ксениянинг бахтига унинг органлари бутун қолди — тиббий текширувлар қизнинг буйраги донорликка ярамаслигини аниқлади. Леониднинг фирибгарликлари эса 2017 йилнинг сентябрь ойида, Ксениянинг ота-онаси судга мурожаат қилганидагина якунига етди.

Пермь вилоят суди ушбу ишни кўриб чиқиб, Леонид ҳамда унинг собиқ хотини Галинага нисбатан иш очди. Уларни фирибгарликда айблашди. Прокурор альфонсга уч ярим йил қамоқ жазоси, собиқ хотинига эса икки ярим йил қамоқ жазоси берилишини сўради.

 

Киритилди: 00:59 14.05.2018. Ўқилди: 4123 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар