Сербия Россия билан газ етказиб бериш бўйича шартномани яна уч ойга узайтирди. Бу ҳақда мамлакат президенти Александр Вучичга таяниб, TRT World хабар берди.
Президентнинг таъкидлашича, янги келишув 31 мартга қадар амал қилади. Сербия узоқ муддатли шартнома бўйича музокаралар олиб бораётган бир пайтда, ушбу қисқа муддатли ҳужжат қиш мавсумини талафотсиз ўтказишга хизмат қилади.
“Биз газ етказиб беришни яна уч ойга, яъни 31 мартга қадар узайтиришга келишиб олдик. Одамлар ўзларини хавфсиз ҳис қилишлари ва хотиржам ухлашлари мумкин. Сербияда келаётган қиш учун етарли миқдорда электр энергияси ва газ бўлади”, деди Вучич.
Маълумотларга кўра, Россия Сербияга кунига 6 миллион кубометр газ етказиб беради. Газнинг ҳар 1000 кубометри учун нарх тахминан 290 евро қилиб белгиланган, бу эса 360 евролик бозор нархидан сезиларли даражада арзон.
Сербия Россия газига кучли даражада қарам бўлиб қолмоқда. 2025-йилнинг ёзида уч йиллик шартнома муддати тугагач, томонлар ҳали узоқ муддатли келишувга эриша олгани йўқ. Сербия Озарбайжондан газ импорт қилса-да ва ўзида ҳам оз миқдорда қазиб олса-да, бу Россия етказиб берадиган ҳажмни қоплаш учун етарли эмас.