Бугун 4 декабрь, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Сенат: Ўзбекистон ҳали ҳам йод танқислиги бўйича оғир ҳудуд бўлиб қолмоқда

Сенат: Ўзбекистон ҳали ҳам йод танқислиги бўйича оғир ҳудуд бўлиб қолмоқда

Йод танқислиги кўрсаткичи болалар ва ўсмирлар орасида мамлакат бўйича ҳар 100 минг аҳолига ўртача 712,3 ва 3593,6 нафарни ташкил этган. Ушбу кўрсаткичлар «йод танқислиги пандемияси» давом этаётганлигини англатади.

Ўзбекистон ҳали ҳам йод танқислиги бўйича оғир ҳудуд бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда шу йил 29 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари ҳамда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмиталарининг қўшма мажлисида айтилди.

Мажлисда «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги Қонуннинг ёдланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлашда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан стандартларнинг мажбурий талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширишга оид қисми ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, аҳоли орасида эндемик буқоқдан касалланиш кўрсаткичларини камайтириш ва ош тузини йодлаш бўйича талабларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш зарурияти ҳам юзага келган.

Айниқса, 2023 йилда йод танқислиги касаллиги ҳар 100 минг аҳолига Қорақалпоғистон Республикасида (2160,7), Сурхондарё (1883,3), Жиззах (1494,0) Бухоро (1262,2) вилоятларида мамлакат кўрсаткичларига нисбатан (912,4) баланд бўлгани ташвишли ҳолдир.

Шу даврда йод танқислиги кўрсаткичи болалар ва ўсмирлар орасида мамлакат бўйича ҳар 100 минг аҳолига ўртача 712,3 ва 3593,6 нафарни ташкил этган. Ушбу кўрсаткичлар «йод танқислиги пандемияси» давом этаётганлигини англатади.

2007 йилда қабул қилинган Қонунда ёд етишмаслиги касалликларининг оммавий профилактикаси озиқ-овқатга йодланган туз ишлатиш ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилиш орқали амалга оширилиши белгиланган.

Бироқ 2024 йилнинг 9 ойи якунига кўра, ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, мамлакатимизда 94 та ош тузи ишлаб чиқарувчи, сотувчи ва ундан фойдаланувчи корхона мавжуд. Уларнинг бор-йўғи 24 тасида лабораториялар бор, фақатгина 72 тасида дозаторлар ўрнатилган. Аммо ўрнатилган айрим дозаторлар мутлақо талабга жавоб бермайди.

2024 йилнинг 9 ойи давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан текширувлар ўтказилди.

Натижада туз ишлаб чиқарувчи корхоналардан олинган 263 та намунадан 65 тасида (25%), савдо ва умумий овқатланиш шахобчаларидан олинган 1110 та намунанинг 347 тасида (31,5%), мактабгача ва мактаб таълими муассасаларидан олинган 3613 та намунанинг эса 1263 тасида (35%) йод миқдори белгиланган талабга жавоб бермаслиги аниқланган.

Шу билан бирга ўрганишлар давомида Сирдарё вилоятида ҳеч қандай ҳужжатсиз тузни қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва ташиш фаолияти билан ноқонуний шуғулланиб келаётган 4 та корхона аниқланган.

Ушбу корхоналарда тузни йодлаш дозаторлари мавжуд эмас. Омборларда маҳсулотларни сақлаш қоидаларига амал қилинмаган, қайта ишлаб чиқариш учун келтирилган бирламчи тузларнинг тегишли ҳужжатлари, хусусан сертификатлари мавжуд эмас. Туз белгиланган талабга жавоб бермайдиган пакетларга қадоқланмоқда. Маҳсулот ишлаб чиқарилган саналар кўрсатилмаган ҳолда сотувга чиқарилмоқда. Айрим ҳолларда қадоқларга йодланган ош тузи деб, аслида йодланмаган техник туз солинаётгани аниқланган.

Айрим тадбиркорлар тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзларни суиистеъмол қилиб, аҳолининг соғлиғи учун зарарли бўлган маҳсулотларни сотишни давом эттирмоқда.

Мажлис якунлари бўйича қўмиталарнинг аниқ таклифлар акс этган қўшма қарори қабул қилинди.

Киритилди: 12:51 30.11.2024. Ўқилди: 695 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!