Бугун 15 январь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Сенат: 2030 йилга қадар Ўзбекистонда иқтисодиёт ҳажми икки баробар оширилади

Сенат: 2030 йилга қадар Ўзбекистонда иқтисодиёт ҳажми икки баробар оширилади

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил”иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 5 та устувор йўналиши кесимида 2025 йил учун амалий чора-тадбирлар режаси, жорий йилда ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати ва ҳар бир йўналиш кесимидаги мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилган.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида лойиҳа қизғин муҳокама қилиниши асносида унда кўзда тутилган масалалар аҳамиятига эътибор қаратилди.

Давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган янгича ёндашувлар 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсишини камида 6 фоизга етказиш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадларига эришиш учун мустаҳкам замин яратади.

“Яшил” энергетика миллий иқтисодиётимиз драйверига айланаётганидан келиб чиқиб, бу йўналишда ҳам кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифалар белгиланмоқда.

Жумладан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида 2025 йил 1 апрелдан бошлаб чиқиндилар утилизацияси ҳисобига ҳамда шамол ва қуёш манбаларидан ишлаб чиқарилган электр энергияси учун “яшил тариф”ларни жорий этиш таклиф этилмоқда.

Давлат дастури лойиҳасида мамлакат иқтисодиётини янги сифат босқичига олиб чиқиш учун иқтисодий ўсишни камида 6 фоиз даражасида таъминлаш, барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашда ички жамғармалар ва молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ўрганиш режалаштирилган.

Тадбиркорлар билан “корхонабай” ишларни ташкил қилиш ва маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт географиясини кенгайтириш, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остида маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш орқали 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини икки баробар ошириш ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш кўзда тутилмоқда.

Мажлис иштирокчилари лойиҳанинг барча бандлари юзасидан ўз фикрларини билдирди. Шунингдек, 2025 йилги давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилаётган барча йўналишдаги мақсад ва вазифалар эртанги кунимизни янада фаровон қилишда, юртимиз ривожини юқори поғонага кўтаришда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Тадбир якунида лойиҳани такомиллаштириш ва қабул қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиши қайд этилди.

Киритилди: Бугун 10:03. Ўқилди: 262 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!