OpenAI асосчиси Сем Альтман Илон Маскнинг сунъий интеллект бўйича xAI стартапини ўз компаниясига жиддий рақобатчи сифатида тан олди. Бу ҳақда у DealBook Summit тадбирида айтиб ўтди, деб хабар беради Bloomberg.
Альтман Маскнинг унга ва OpenAI'га қарши даъвосидан афсусда эканлигини айтиб, у ҳамиша Илонни ўзининг «мега-қаҳрамони» деб билишини таъкидлади. Бироқ, кескинликларга қарамай, у Маскнинг xAI'ни ривожлантириш учун Теннесси штатида маълумотлар маркази яратиш режаларини юқори баҳолади.
Альтман, шунингдек, Маск ўзининг сиёсий таъсиридан рақобатчилари зарарига фойдаланмаслигига ишонч билдирди. Эслатиб ўтамиз, тадбиркор аввалроқ уни «супер даҳо» деб атаган ва давлат бошқаруви самарадорлиги департаментида асосий лавозимга тайинлаган президент Дональд Трампни фаол қўллаб-қувватлайди.
Илон Маск OpenAI'га қарши судга мурожаат қилиб, компанияни «асл миссиясига хиёнат қилганликда» айблади. Бунга жавобан Альтман буни «ақл бовар қилмайдиган даражада қайғули» деб атади ва унинг Маск билан муносабатлари дастлаб ўзаро ҳурматга асосланганини қўшимча қилди.
Тадбирда Альтман OpenAI'нинг режалари билан ҳам ўртоқлашди: компания инвестиция жозибадорлигини ошириш ва аудиторияни кенгайтириш учун қайта қуриш устида ишламоқда. Ҳозирда OpenAI маҳсулотлари, жумладан ChatGPT, ҳар ҳафта тахминан 300 миллион киши томонидан фойдаланилади. Компаниянинг мақсади 2025 йилга бориб фойдаланувчиларни 1 миллиардга етказиш.