Бугун 2 июль, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Савдо уруши тугадими?

 Савдо уруши тугадими?

АҚШ ва Хитой бир-бирларининг товарларига божларни вақтинча камайтиришга келишиб олди. Душанба куни Женевада ўтган ҳафта охирида якунланган музокаралар якунлари бўйича томонларнинг қўшма баёноти эълон қилинди.

Келишувга кўра, Қўшма Штатлар 14-майгача бож тўловларини 145 фоиздан 30 фоизга, Хитой эса 125 фоиздан 10 фоизга туширади. Баёнотда томонларнинг иқтисодий ва савдо масалалари бўйича муҳокамаларни давом эттириш механизмини яратиши қайд этилган.

“Биз янада мувозанатли савдога эришмоқчимиз ва менимча, иккала томон ҳам бу мақсадга эришишга интилади”, — деди АҚШ молия вазири Скотт Бессент. Апрел ойида у дунёнинг икки йирик иқтисодиёти томонидан самарали тақиқловчи тарифларни жорий этиши глобал савдога таҳдид солаётганини таъкидлаб, вазиятни барқарор эмас деб атади.

“Ҳар икки томон ҳам [савдо муносабатларининг] бузилишини истамайди”, деди у.

Якшанба куни Оқ уй "савдо келишуви" ҳақида эълон қилди, бироқ музокараларда иштирок этган делегациялар вакиллари фақат "сезиларли тараққиёт" ҳақида гапиришди. Қайд этилишича, бир қатор параметрлар бўйича келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда ва якуний келишувга эришиш учун қанча вақт кетиши ҳозирча аниқ эмас.

2018-йилда, Доналд Трампнинг биринчи муддатида томонлар савдо зиддиятини тўхтатишга ҳаракат қилишган. Кейин, музокараларнинг навбатдаги босқичидан сўнг, АҚШ янги божлар киритиш орқали келишувни бузди. Музокаралар 2020 йил январ ойида "биринчи босқич" деб номланган савдо битими имзоланмагунча бир ярим йилдан ортиқ давом этди.

Янги деескалация эълони молиявий бозорларда ижобий реакцияга сабаб бўлди. Гонконгнинг Ҳанг Сенг индекси ва Хитой компаниялари индекси 3,6 фоизга ўсди. Материк Хитойда CСИ 300 индекси 1,2 фоизга ўсди ва Трамп 2 апрелда янги тарифларни эълон қилганидан кейин йўқотишларни тўлиқ бартараф этди.

S&P 500 фючерслари 2,8 фоизга, доллар индекси эса 0,7 фоизга ошди. Олтин 2,3 фоизга тушди.

Трамп 2025 йилнинг биринчи чорагида Хитой товарларига божларни атиги 20 фоизга оширган бўлса-да, можаронинг асосий босқичи апрел ойида содир бўлди. Бу аллақачон савдо статистикасида акс эттирилган. Биринчи чоракда Хитойдан импорт 102,7 миллиард долларни ташкил этди, бу икки йил ичида энг паст кўрсаткичдир. Хитой товарларининг АҚШ импортининг умумий ҳажмидаги улуши 11 фоизга қисқарди, бу 20 йилдан ортиқ вақтдаги энг паст даражадир. 2024-йилда бу улуш 13-14 фоизни ташкил этган бўлса, етти йил аввал энг юқори чўққисида у 22 фоиздан ошди.

Киритилди: 14:02 13.05.2025. Ўқилди: 653 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!