Бугун 19 сентябрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Саудия Арабистонида оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик зиёратчилар ватанга қайтарилди

Саудия Арабистонида оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик зиёратчилар ватанга қайтарилди

Саудия Арабистонига Умра амалларини бажариш учун борган ва мушкул аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда Дунё агентлиги хабар берди.

Бош консулхонадан олинган маълумотга кўра, Ўзбекистон фуқароси ариза билан мурожаат қилиб, сайёҳлик фирмаларидан бири томонидан Умра амалларини бажариш учун келган 50 нафар ўзбекистонлик зиёратчилар Маккада Ватанга қайтиш учун авиачипталарсиз қолиб кетгани боис, уларни Ўзбекистонга қайтариб юбориш масаласида амалий ёрдам сўраган.

Таъкидланишича, тақдим этилган авиачиптага биноан, зиёратчилар жорий йил 15 cентябрь куни Умра ибодатларини якунлаб, «Centrum Air» авиакомпаниясининг «Жидда – Тошкент» йўналишидаги самолёти билан Ватанга қайтишлари керак бўлган.

Бироқ, сайёҳлик фирмаси томонидан зиёратчиларнинг Ватанга қайтиб кетмаслик сабаби тушунтирилмаган, фақат яқин кунларда Ўзбекистонга қайтиб кетишлари мумкинлиги айтилган.

Шундан сўнг, бош консулхона вакиллари сайёҳлик компанияси масъул ходими билан боғланиб, зиёратчиларни хавфсиз ва тез фурсатларда Ўзбекистонга қайтариш масаласини муҳокама қилди.

Фирма вакилларига кўра, авиачипталарга масъул ҳамкорлар билан юзага келган баъзи муаммолар боис, зиёратчиларга олдиндан режалаштирилган йўналишга авиачипталарни ўз вақтида сотиб олишнинг имкони бўлмаган.

Вазият Бош консулхона томонидан назоратга олинди ва фирмага зиёратчиларни меҳмонхона билан таъминлаш ҳамда авиачипталар харид қилиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Олиб борилган музокаралар натижасида сайёҳлик фирмаси томонидан зиёратчилар учун авиачипталар харид қилинди. Зиёратчилар 17 сентябрь куни «Fly Khiva» авиакомпаниясининг «Мадина – Тошкент» йўналишидаги самолёти билан Ўзбекистонга кузатиб қўйилди.

Киритилди: 20:05 18.09.2025. Ўқилди: 632 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!