Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши сабаблари маълум қилинди

Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши сабаблари маълум қилинди

АОКАда Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Абдулла Қўлдошев иштирокида махсус брифинг ўтказилди. Унда Сардоба сув омборида юз берган техноген ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ва унинг сабабларини ўрганиш натижалари юзасидан маълумот берилди.

Маълумки, 2020 йил 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг емирилиши натижасида юз берган сув тошқини оқибатида бир қанча аҳоли пунктлари, бино-иншоотлар ҳамда экин майдонлари жиддий талафот кўрди. Энг ачинарлиси, мазкур ҳодиса туфайли 6 нафар фуқаро қурбон бўлиб, бир киши бедарак йўқолди.

Зарар кўрган аҳоли пунктларини қайта тиклаш ҳамда кўп қаватли замонавий уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларини қуриш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.

Жумладан, 2640 хонадондан иборат 86 та кўп қаватли янги уй-жой қурилиб, барча ижтимоий-иқтисодий ва транспорт-муҳандислик инфратузилмасига эга бўлган 3 та замонавий шаҳарча барпо этилди.

Қайд этилишича, Франция, Голландия, Россия, Туркия, Қозоғистон ҳамда мамлакатимизнинг юқори малакали экспертларининг таҳлил ва хулосалари асосида ўпирилиш сабаблари атрофлича ўрганиб чиқилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Москва давлат қурилиш университети, «Қурилиш соҳасида муҳандислик изланишлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри» давлат илмий-тадқиқот лойиҳа институти томонидан тўғоннинг мустаҳкамлигини аниқлаш бўйича муҳандислик-қидирув изланишлари ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилди.

Шу билан бирга, малакали мутахассислардан иборат махсус ишчи гуруҳлар тузилиб, республикамиздаги барча йирик гидротехник иншоотлар техник кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижалари асосида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.

Абдулла Қўлдошевнинг маълум қилишича, олиб борилган тадқиқот ва таҳлиллар натижасига кўра, тўғон ўпирилишига бир қатор омиллар сабаб бўлганлиги аниқланди.

Биринчидан, Сув хўжалиги вазирлиги томонидан буюртмачи хизматини ташкил этиш, лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларини олиб боришда масъулиятсизликка йўл қўйилган;

иншоотни тўлақонли эксплуатация қилишда мазкур сув омборидан фойдаланиш қоидалари тасдиқланмаган, бу жараёнда белгиланган техник ва меъёрий талаблар қўпол равишда бузилган.

Иккинчидан, “UzGip” МЧЖ лойиҳа ташкилоти томонидан сув омборининг ишчи лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш жараёнида тасдиқланган Техник-иқтисодий асосларда белгиланган ечимларга риоя қилинмасдан, унга ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилган. Ишчи лойиҳа ҳужжатларида тўғоннинг конструктив ва сейсмик мустаҳкамлиги инобатга олинмаган.

Учинчидан, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг пудрат ташкилоти ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари томонидан тўғон танаси тупроғининг зичлиги, фильтр ва ҳимоя тош қатлами қалинлиги лойиҳавий кўрсаткичдан паст бўлишига йўл қўйилган.

Киритилди: 14:34 30.04.2021. Ўқилди: 21029 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!