Самарқанддаги махсус мактаб тарбияланувчиларининг ота-оналари тарбиячи ва раҳбарият тизимли равишда болаларни калтаклаб, руҳий босим ўтказгани ҳақида маълум қилди.
Самарқанддаги алоҳида сақлаш шароитлари, тарбия ва таълимга муҳтож ўғил болалар учун мўлжалланган 64-ихтисослашган мактаб тарбиячилари ва раҳбарлари тарбияланувчиларни калтаклаб келмоқда. Бу ҳақда жабрланувчилардан бири Муҳаббат Мирзаева «Газета.uz"га маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мактаб ходимлари, директор ва унинг ўринбосари тизимли равишда болаларни калтаклаб, жисмоний ва руҳий босим ўтказиб, дарс ва машғулотлар ўтказмасдан, болаларни оғир жисмоний меҳнатга жалб қилмоқда, ёмон овқатлантириб, тез-тез уларни оч қолдирмоқда.
Ўзбекистонда ягона бўлган ушбу ихтисослашган мактабда оғир хулқ-атворга эга, узоқ муддат ҳисобда турган, хавфли хатти-ҳаракатларни содир этган, бироқ жиноий жавобгарликка тортиш ёшига етмаган 11−16 ёшдаги вояга етмаган болалар жойлаштирилади. Бу ерга индивидуал профилактик ишлар олиб борилганига қарамасдан ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ғайриижтимоий ҳаракатларни содир этишда давом этувчи болалар ҳам келтирилади.
Муҳаббат Мирзаеванинг маълум қилишича, унинг фарзанди Элмурод (2006 й. т.) Тошкентнинг Сергели туманидаги 237-мактабдан Самарқанддаги махсус мактабга тез-тез дарс қолдиргани, ўқув жараёнлари вақтида ўқитувчиларга ҳалал бергани, синфдошлари билан жанжаллашгани ва уришгани учун келтирилган.
30 март куни жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди ўсмир болалар учун 64-махсус мактабга юбориш тўғрисида қарор қабул қилади. Суд қарорида Элмурод тўрт йил давомида еттита турли мактабда ўқигани, ўта тажовузкор бўлгани, унинг устидан кўп бора шикоят ва аризалар тушгани қайд этилади.
Апрелда мактаб-интернатга ўтказилганидан сўнг, бола, директор Шуҳрат Садинов ва унинг тунги сменада тарбиячи бўлиб ишловчи жияни Шерзод Очилов томонидан калтакланган, дея тасдиқламоқда Муҳаббат Мирзаева.
Онанинг эътироф этишича, ўғлининг хулқ-атвори ҳақиқатдан ҳам оғир, аммо куч ишлатиш йўли билан тарбиялаш нотўғри, деб ҳисоблайди.
«Болалар содир бўлган ишлар ҳақида нимадир дейишга қўрқишади, уларни қўрқитишади. Шерзод Очилов ўғлимни бошқа бола билан уришгани учун калтаклаган. Директор унинг юзидаги моматалоқни кўрган, уни ўз хонасига чақирган ва ким урганини сўраган. Ўғлим: “Шерзод ака”, — деб жавоб берган. Директор уни уриб, саволни такрорлаган. Ўғлим ҳеч нарсани тушунмасдан яна Шерзод ака, деб жавоб берган. Бу Очиловнинг ўзи кирмагунча давом этган ва: “Сени болалар урди, Шерзод ака эмас”, — деган», — дея сўзлаб берди Муҳаббат Мирзаева.

Manba: azon.uz