Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида таркибида олтин моддаси бўлган тошларни ноқонуний кавлаб олаётган 5 киши заҳарланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.
Жорий йилнинг 9 январь куни соат 20:00 да Гулистон маҳалласида яшовчи 5 нафар шахс - Ж.С., Ў.Э.,С.Н.,Й.А. ва Э.Б. "Қорақўтон" тоғ конига қарашли, маҳаллий тил билан "Найман чўққи" шахтасига тушишган.
Маълум бўлишича, ушбу фуқаролар таркибида олтин моддаси бўлган тошларни генератор ва бошқа ускуналар ёрдамида ковлаб олаётган вақтида генератордан чиққан ис гази туфайли заҳарланишган.
Эҳтиётсизлик оқибатида, Ж.С. ва Ў.Э. шахта ичи пастки қисмига йиқилиб, тошларга урилган ва воқеа жойида вафот этган.
Қолган 3 нафар фуқаро эса ис газидан заҳарланиш билан 10 январь куни соат 03:30 атрофида туман марказий шифохонасига келтирилган.
Ҳозирда марҳумларнинг ўлими юзасидан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.