Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси йиғилишида «Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисида»ги Қонунчилик палатаси қарори депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Қайд қилинишича, Самарқандни «Миллионлик шаҳар»га айлантириш, замонавий архитектура ечимларига эга турар-жой ва нотурар биноларни қуриш, аҳолининг уй-жойларга бўлган талабини тўла қондириш, ҳудудларни инфратузилма билан таъминлаш орқали аҳолига муносиб яшаш шароитини яратиш мақсадида Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилади.
«Чегаралар ўзгартирилиши ҳисобига Самарқанд шаҳри ҳудуди 11,8 минг гектардан 28,9 минг гектаргача кенгайиб, янги инвестиция ва қурилиш лойиҳалари учун кенг имкониятлар яратилаётгани эътиборга молик. Яъни янги туристик лойиҳалар, ўйин майдонлари, аквапарк, ҳаво шарлари, истироҳат боғлари каби кўнгилочар туризм ва дам олиш масканлари ташкил этилади, янги яшил ҳудудлар ва хизмат кўрсатиш объектлари ва логистика марказлари қурилади», деди фракция аъзоси Диёр Ҳусанов.
Самарқанд шаҳрини «миллионлик шаҳар»га айлантириш ҳақида 2021 йилдан бери гапирилмоқда. Дастлаб буни шу вақтдаги ҳоким Эркинжон Турдимов айтган эди.