АҚШ Давлат котиби Марко Рубио жума куни АҚШ Исроилнинг Эрон ҳудудига берган зарбаларига алоқадор эмаслигини тасдиқлади ва Вашингтон Исроил томонидан "ўзини ҳимоя қилиш учун зарур" бўлган зарбалар ҳақида хабардор қилинганини айтди.
Жума куни эрталаб Исроил мудофаа кучлари Эрондаги ядровий дастури ва ҳарбий объектлари билан боғлиқ бўлган ўнлаб нишонларга зарба берганини айтди.
"Бугун тунда Исроил Эронга қарши бир томонлама чора кўрди. Биз Эронга зарба беришда иштирок этмаймиз ва бизнинг энг муҳим вазифамиз минтақадаги Америка кучларини ҳимоя қилишдир. Исроил бизга бу ҳаракатлар ўз мудофааси учун зарур деб ҳисоблашларини айтди. Президент Трамп ва маъмурият кучларимизни ҳимоя қилиш ва минтақавий шерикларимиз билан яқин алоқада бўлиш учун барча зарур чораларни кўрди. Очиғини айтсам: Эрон АҚШ манфаатлари ёки ходимларини нишонга олмаслиги керак", — деди Рубио ўз баёнотида.