Украинанинг Костиантинивка, Херьсон ва Никополья шаҳарларида Россия Қуролли кучлари томонидан ўққа тутилиши оқибатида беш киши ҳалок бўлди, яна тўрт киши яраланди.
Бу ҳақда Украина ОАВлари хабар берди.
Костиантинивка шаҳар ҳарбий бошқармаси бошлиғи Сергей Горбуновга кўра, ФАБ-250 ҳаво бомбасининг Почаевдаги "Авлиё Иов" черковига зарбаси оқибатида икки маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган, яна тўрт нафари яраланган ва касалхонага ётқизилган.
Портлаш оқибатида черковнинг фасад қисми ва тўққизта шахсий уй зарар кўрган.
Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудиннинг маълум қилишича, Россия қўшинлари минтақадаги бир неча аҳоли турар-жойларини артиллериядан ўққа тутган, натижада икки киши ҳалок бўлган.
Днепропетровск вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Сергей Лисакнинг сўзларига кўра, Никополда FPV-дронининг зарбаси натижасида 23 ёшли аёл ҳалок бўлди.
Аввалроқ Россия Қуролли кучлари томонидан Украинанинг Запорожье вилоятидаги 14 та аҳоли пунктини ўққа тутиши натижасида 2 киши ҳалок бўлгани, 11 киши яралангани хабар қилинганди.