Кенг кўламли урушнинг учинчи йилининг охирига келиб, Россия армияси Украина шарқидаги, Донецк вилоятидаги ҳудудларни босиб олиш суръатини оширди ва Украина Қуролли Кучларининг муҳим логистика маркази - Покровск шаҳрига яқинлашди.
“Биз айланма йўлни ташкил этаётган Россия томонининг учта тезкор маневр гуруҳини кўряпмиз, мақсад нафақат Украина Қуролли кучларини ўраб олиш, балки таъминот линияларини ҳам кесишдир”, дейди австриялик ҳарбий тарихчи, полковник Маркус Райснер. Унинг сўзларига кўра, Россия Трампнинг 20-январдаги инаугурацияси олдидан максимал муваффақиятга эришишга шошилмоқда.
Гарчи йил охирига келиб рус қўшинларининг олдинга силжиш тезлиги ошган бўлса-да, умуман олганда, улар "ойлар бўйича ўз жадвалидан жуда ортда қолишди", деб таъкидлайди Украина Қуролли Кучлари полковники, захирадаги Сергей Грабский. Руслар маълум соҳаларда "беш-олти баравар устунлик" туфайли ва "ақл бовар қилмайдиган йўқотишлар" эвазига олға силжимоқда, дея қайд этади эксперт.
Маркус Райснер, шунингдек, олдинга силжиган Россия кучлари "жуда чарчаган"лигини айтади. Худди шу нарса, деди у, Украина Қуролли кучларига ҳам тегишли.
Украина Россия Федерациясининг Курск вилоятининг босиб олинган ҳудудининг бир қисмини ушлаб туришда давом этмоқда. Райснернинг фикрича, Украина ҳеч бўлмаганда Трамп президентликка келгунига қадар у ерда қолишга ҳаракат қилади, токи ундан музокараларда фойдалана олади.