Давлат Думасининг мудофаа қўмитаси раиси Андрей Картаполов Россия ҳукумати "Улуғ Ватан уруши"даги ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан амнистия эълон қилмаслиги кераклигини билдирди.
Унинг таъкидлашича, "тезроқ озод бўлишни истаган маҳбуслар учун аллақачон бундай имконият мавжуд - улар Украинага қарши урушга боришлари мумкин". "Қамоқда бўлган ва ватанини севадиган кишилар Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, буни исботлаш учун яхши имкониятга эга. Мамлакат махсус ҳарбий операция ўтказаётган ҳозирги пайтда бундан ортиқ нарса керак эмас. Қолган ҳамма нарса шайтондандир", - деди Картаполов.
Россиянинг амалдаги қонунчилигига кўра, мамлакат Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган маҳбуслар жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилинади. Уларнинг ҳақиқий жазоси шартли жазога алмаштирилади, шунингдек судланганликнинг бекор қилиниши кафолатланади.