Москва суди “Леста Игры” ва Wаrgaming компаниялари эгалари Малик Хатажаев ва Виктор Кислийларни “экстремистик бирлашма аъзолари” деб тан олди. Суд иши ёпиқ тарзда кўриб чиқилган, тафсилотлар ошкор этилмаган. Суд қарорига кўра, “Леста Игры” нинг активлари давлат ҳисобига мусодара қилинади.
Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, айбловлар Россиянинг Украина билан уруши ва компания томонидан Украина Қуролли кучларини эҳтимолий қўллаб-қувватланиши билан боғлиқ.
“Леста Игры” ва Wargaming машҳур World of Tanks ўйини ва унинг турли версияларини ишлаб чиққан. 2022 йилда Украина уруши туфайли Wargaming Россиядан чиқиб кетганини эълон қилган. Шундан сўнг, “Леста Игры” Wаргаминг дан ажралиб чиққан ва Россия ҳамда Беларусда World of Tanks'нинг ўрнини босувчи “Мир Танков” ўйинини алоҳида серверлар билан ишга туширган. Шу тарзда бошқа ўйинларга ҳам муқобиллар яратилган.
2023 йилда Wargaming Украинани Қуролли кучларини қўллаб-қувватлашини очиқчасига эълон қилган. “Леста Игры” нинг эгаси Хатажаев эса бу компаниянинг Wargaming билан алоқаси йўқлигини ва Россия армиясини қўллаб-қувватлашини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ 2025 йил апрел охирида Россия Бош прокуратураси “Леста Игры” ни “экстремистик ташкилот” деб эътироф этишни талаб қилган.
Россиянинг энг йирик IТ-ассоциациялари президент Владимир Путинга мурожаат билан чиқиб, бу ҳолат компанияни тортиб олишга уринишга ўхшашини айтган, бироқ бу мурожаат жавобсиз қолган.