М2М (Machine-to-Machine) сим-карталарини алоҳида тоифага ажратиш, улар учун қўшимча идентификация жорий этиш ҳамда улар орқали овозли трафик ва СМС узатишни тақиқлаш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, фирибгарликка қарши курашиш доирасида хориждан туриб eSIMни 'рўйхатдан ўтказишни тақиқлаш ҳам кўриб чиқилмоқда.
"Коммерсантъ" нашрининг хабар беришича, ушбу чоралар Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги томонидан муҳокама қилинмоқда.
Ҳозирда бозорда 60 миллионга яқин M2M сим-карталари мавжуд бўлиб, улар кўпинча юридик шахслар номига расмийлаштирилади. Бундай карталар қурилмалар ўртасида — масалан, датчиклар, банкоматлар ва автомобилларда маълумот алмашиш учун ишлатилади. Бироқ баъзида улардан спам-қўнғироқлар учун ҳам фойдаланилмоқда.
Ушбу ташаббуслар фирибгарликка қарши курашиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар пакетига киритилиши мумкин. Шу билан бирга, нашр манбаларининг таъкидлашича, ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган.