Украина Қуролли кучлари маълумотларига кўра, ҳужумда 57 та Х-101 қанотли ракеталари, 28 та “Калибр” қанотли ракеталари, учта С-300 зенит ракеталари, учта Х-59/69 бошқариладиган ракеталари, шунингдек, 97 та Shahed ва яна бошқа номаълум турдаги дронлардан фойдаланилган. Украина ҳаво мудофааси 76 та Х-101 ва “Калибр” қанотли ракеталарини, учта Х-59/69 ракеталарини ва 35 та дроннини уриб туширди.
Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, бир неча вилоятларда кассетали ўқ-дорилар билан жиҳозланган “Калибр” ракеталари ёрдамида фуқаролик инфратузилмасига ҳужумлар қайд этилган.
"Ушбу кассетали қурол қисмлари бизнинг қутқарувчиларимиз ва энергетикларимиз учун зарба оқибатларини бартараф этишни анча қийинлаштиради. Бу Россия террористик тактикасининг ўта жирканч шаклидир", — деб ёзди Украина раҳбари Telegram каналида.
Зеленский, шунингдек, яна бир бор Ғарб ҳамкорларини Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлашга чақирди.