Германиянинг "Der Spiegel" журнали нашриёт соҳасидаги аноним манбаларига таяниб ёзишича, Россияда китобларни нашр қилишдан аввал улардаги "нозик парчалар"ни аниқлаш учун экспертларни ёллаш одатий ҳолга айланган.
Маълумотларга кўра, барча муаммоли деб топилган қисмлар олиб ташланади, гомосексуаллик каби мавзулар эса бутунлай тушириб қолдирилмоқда. Бундан ташқари, Украинада уруш бошланганидан бери Борис Акунин ва Владимир Сорокин каби "номақбул" муаллифлар сони ортиб боряпти.
Иккита йирик компания вакилларининг тан олишича, бундай ёзувчиларнинг китобларини нашриётлар сотишга ботинмаяпти, улар ҳозирда фақат "қўлдан-қўлга" ўтиб сотилмоқда.
Берлиндаги Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар маркази эксперти Нина Фрисснинг таъкидлашича, Россияда адабиёт узоқ вақт давомида энг кам чеклов қўйилган соҳа ҳисобланган, чунки ҳукумат китобларга қизиқиш билдирмаган. Бироқ ҳозирда вазият ўзгарган: муаллифлар ва нашриётлар фаолиятини чекловчи қонунлар кўпайган. Шунга қарамай, СССРдан фарқли ўлароқ, давлат расмий цензура органини тузмаган. Буни мутахассислар "гибрид цензура" деб аташмоқда — бунда чекловлар билан турли идоралар шуғулланади.
Соҳада ишлаётган 30 ёшли россиялик аёлнинг фикрича, бу давлат учун "қулай" — цензура органини молиялаштириш ўрнига, нима мумкин ва нима мумкин эмаслигининг чегаралари ноаниқ қилиб белгиланади ва соҳа вакилларининг ўзлари қўрқув остида ўз-ўзини цензура қилишга мажбур бўлади, дейилади хабарда.