Россия Қуролли кучлари 4 июл куни эрта тонгда Украинага ракеталар ва дронлар ёрдамида кенг кўламли ҳужум уюштирди. Украина Ҳаво кучлари маълумотларига кўра, ҳужумда 539 та дрон ҳамда 11 та ракетадан фойдаланилган. Асосий йўналиш пойтахт Киев бўлган. Украина ҳарбийлари 476 та дрон ва “Искандер-К” мажмуасидан учирилган 2 та қанотли ракетани зарарсизлантирганини қайд этмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, зарбалар оқибатида 23 киши яраланган, шулардан 14 нафари шифохонага ётқизилган. Мамлакат ИИВ Игор Клименконинг сўзларига кўра, зарбалар натижасида пойтахтдаги турар жой бинолари, таълим, тиббиёт ва транспорт инфратузилмасига шикаст етказилган.