Ғарбий санкциялар туфайли самолётлар танқислигига дуч келган Россия ички рейсларни амалга ошириш учун Марказий Осиё мамлакатлари авиакомпаниялари билан музокаралар ўтказмоқда.
Санкциялар остидаги давлат Ўзбекистондан ҳам ҳамкорлик қилишни сўраган.
Ғарбий санкциялар туфайли самолётлар танқислигига дуч келган Россия айрим Марказий Осиё мамлакатлари билан уларнинг авиакомпаниялари орқали ички рейсларни амалга ошириш ва саёҳат талабини қондириш масаласида музокаралар олиб бормоқда.
Украинадаги урушдан аввал етказиб берилган кўплаб ғарб самолётларидан фойдаланадиган Россия авиакомпаниялари авиақатновга бўлган талабни қондиришда қийинчиликларга дуч келмоқда, чунки санкциялар эҳтиёт қисмларга киришни чекламоқда ва маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун вақт талаб этилмоқда.
Транспорт вазири Роман Старовойт ўтган ҳафтада Россия “дўстона” давлатлар, шу жумладан, Қозоғистон билан хорижий авиакомпанияларнинг ички рейсларини амалга ошириши ҳақида музокаралар олиб бораётганини маълум қилган, деб хабар берди россия ахборот агентликлари.
Россия шунингдек, Ўзбекистонга мурожаат қилган бўлиб, бу таклифни кўриб чиқмоқда, деб хабар берган Ўзбекистон ҳукуматидан манба Reuters агентлигига.
“Ҳозиргача бу масала юзасидан Россия томонидан расмий сўров бўлмаган”, — деб билдирган Қозоғистон Транспорт вазирлиги. Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари ҳам расмий сўров олмаганликларини маълум қилишган. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги изоҳ бериш сўровига ҳозирча жавоб бермаган.