Россиялик терговчилар Красногорскдаги "Крокус сити холл" концерт залида содир этилган терактни тергов қилишда яна уч давлат ҳуқуқ-тартибот идораларидан ёрдам сўради.
Бу ҳақда ТАСС ўрганиб чиққан иш материалларида айтилган.
"Учта хорижий давлатнинг ваколатли органларига ҳуқуқий ёрдам сўраб саккизта сўров юборилди, жиноятнинг барча ҳолатларини аниқлашга қаратилган бошқа тергов ва процессуал ҳаракатлар амалга оширилди", — дейилади ТАСС ихтиёрида бўлган ҳужжатлардан бирида. Шунингдек, иш бўйича 1,7 мингдан ортиқ киши жабрланувчи сифатида тан олингани ва сўроқ қилингани, 800 дан ортиқ киши гувоҳ сифатида сўроқ қилингани қайд этилган. 20 дан ортиқ тинтув ўтказилиб, жиноят содир этилган жойлар 65 дан ортиқ кўрикдан ўтказилди, 650 дан ортиқ турли суд-тиббий экспертиза тайинланди.
Аввалроқ Россия ФСБ Жамоатчилик билан алоқалар маркази хабар қилганидек, "Крокус сити холл"га ҳужум қилган террорчиларнинг яна учта шериги Москва, Екатеринбург ва Омскда, Доғистонда эса молиялаштиришга бевосита алоқадор бўлган яна тўрт нафар чет эл фуқароси қўлга олинган. Умуман олганда, ФСБ директори Александр Бортниковнинг сўзларига кўра, терактга алоқадор 20 дан ортиқ киши қўлга олинган.