АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткоффнинг айтишича, Россия Эронга Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий объектларига зарба бериш учун разведка маълумотлари тақдим этмаслигини билдирган.
Унинг сўзларига кўра, бундай баёнот Владимир Путин ва Доналд Трамп ўртасида 10 март куни бўлиб ўтган мулоқотда айтилган. Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳам бу ҳақда Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер билан суҳбатда гапирган.
Уиткофф Россиянинг бу баёнотига ишониш мумкинлигини таъкидлаб, Москва разведка маълумотларини Теҳрон билан бўлишмаслигига умид билдирган.
Аввалроқ The Washington Post учта манбага таяниб, Россия Эронга Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий объектларининг координаталарига оид маълумотларни тақдим этган бўлиши мумкинлигини хабар қилган эди.
Шу билан бирга, Доналд Трамп Эрон билан боғлиқ вазиятга изоҳ бериб, бу масала АҚШ учун “энг осон ҳал қилинадиган муаммолардан бири” эканини айтган.