Россиянинг Эрондаги элчиси Алексей Дедовнинг маълум қилишича, 2026 йилнинг январь–апрель ойларида Россия ва Эрон ўртасидаги товар айланмаси 2 фоизга ошган.
Унинг таъкидлашича, Эроннинг Исроил ва АҚШ билан давом этаётган қуролли можаросига қарамай, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ижобий суръатларда ривожланмоқда.
Алексей Дедов Эроннинг Tehran Times газетасига берган интервьюсида айрим таъминот занжирларида узилишлар кузатилганига қарамасдан, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик барқарор сақланаётганини билдирди.
Элчи, шунингдек, «Шимол — Жануб» халқаро транспорт йўлагининг самарадорлигига алоҳида тўхталиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида Россиянинг Эронга экспорти 56 фоиздан ортиққа ошган. Мазкур транспорт йўлаги орқали ташилган юкларнинг умумий ҳажми тахминан 2,2 миллион тоннага етган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 87 фоизга кўпдир.
Дипломатнинг таъкидлашича, ушбу кўрсаткичлар минтақадаги мураккаб геосиёсий вазиятга қарамай, Москва ва Теҳрон ўртасидаги транспорт оқимлари ҳамда савдо-иқтисодий алоқалар изчил мустаҳкамланаётганини кўрсатади.