Бугун 30 январь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Россия дипломатлари Сурия билан муносабатларни яхшилаш учун йўлга чиқди

Россия дипломатлари Сурия билан муносабатларни яхшилаш учун йўлга чиқди

Россия Ўрта ер денгизи соҳили яқинидаги Тартус ҳарбий-денгиз базаси ва ҳаво базасини сақлаб қолишга интилмоқда. Суриянинг янги раҳбари Аҳмад ал-Шараа Москвага содиқ диктатор Башар Асаднинг ағдарилишига қарамай, Россия кучларини чиқариб юбориш тўғрисида буйруқ бермади.

Сешанба куни россиялик дипломатлар собиқ диктатор Башар Асад декабрь ойида ағдарилганидан бери биринчи марта Сурияга борди.

Москва Асад режимининг асосий иттифоқчиси бўлган ва Сурияда иккита ҳарбий базага эга.

Россиянинг РИА Новости давлат ахборот агентлиги хабар беришича, Россия делегацияси таркибига Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов ва Сурия бўйича махсус вакил Александр Лаврентев кирган.

Россиянинг RT давлат телерадиокомпанияси ва Суриянинг ярим расмий "Ал-Ватан" газетаси хабар қилишича, Россия делегацияси Суриянинг янги раҳбари Аҳмад ал-Шараа билан учрашади.

Декабрь ойи охирида Саудия Арабистонининг "Ал-Арабия" давлат телеканалига берган интервьюсида ал-Шараа Москва ва Дамашқ ўртасидаги мустаҳкам стратегик алоқаларни таъкидлади.

"Суриянинг барча қурол-яроғлари рус ишлаб чиқариши бўлиб, кўплаб электр стантсиялари рус мутахассислари томонидан бошқарилади... Биз Россиянинг баъзилар хоҳлаган усулда Сурияни тарк этишини истамаймиз," - деди у, "Россия ва Сурия ўртасидаги чуқур стратегик манфаатлар" мавжудлигини таъкидлаб.

Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига декабрь ойида Сурияга ташриф буюриб, мамлакатнинг янги раҳбарларини Россия кучларини чиқариб юборишга ундади ва бундай қадам Яқин Шарқда "барқарорликка" ҳисса қўшишини таъкидлади.

Душанба куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Европа Иттифоқи, Германия ва Франция вакилларининг Дамашққа ташрифи сўнгида Сурияга нисбатан санкцияларни юмшатишни бошлашга келишиб олди.

Киритилди: 04:34 29.01.2025. Ўқилди: 690 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!