Бугун 24 сентябрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Росгвардия ходимлари Жалолиддин Аҳмадалиев концертига бостириб кирди

Росгвардия ходимлари Жалолиддин Аҳмадалиев концертига бостириб кирди

Россиянинг Красноярск ўлкаси. Емеляновский туманида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «Корона» зиёфат залида ўтказилган тадбирга бостириб кирди, деб хабар берди Newslab.

Қайд қилинишича, Россия ИИВ, ФХХ ва Росгвардия махсус кучлари ходимлари «ноқонуний мигрантлар» ва гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш мақсадида рейд ўтказган.

Таъкидланишича, ўзбекистонлик қўшиқчи Жалолиддин Аҳмадалиев концерти бўлиб ўтаётган кўнгилочар муассасага бостириб кирган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 620 нафар меҳмонни текширган, улардан 210 нафари хорижлик экани айтилмоқда. Уларнинг ёнидан эркин муомалага чиқарилиши тақиқланган буюмлар ёки моддалар топилмаган.

Тақдим этилган видеолавҳада Росгвардия ходимлари зиёфатдаги шахсларнинг ҳужжатини текшираётгани, уларнинг ёни хизмат ити билан текширилгани, бир гуруҳ эркак елкама-елка саф тортган ҳолда олиб чиқилгани, айримлари қўли қайрилган ҳолда олиб кетилгани кўринади.

Шу билан бирга, 26 нафар хорижлик полиция бўлимига олиб кетилган, улардан 8 нафари Россияда ноқонуний равишда бўлгани таъкидланмоқда.

Рейд якунлари бўйича полиция ходимлари 19 та маъмурий баённома тузган: чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Россияга кириш ёки бўлиш қоидалари ва иммиграция қоидаларини бузганлик учун.

Бундан ташқари, Россия Жиноят Кодексининг «Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни сохта ҳисобга қўйиш» моддаси бўйича 3 та материал тўпланиб, ҳолат юзасидан текширув бошланган.

Киритилди: 23:32 23.09.2025. Ўқилди: 5682 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!