Шу кунларда Рим шаҳрида жойлашган “Viale Dai Romanisti” спорт мажмуасида ўзбек миллий спорт тури саналган кураш бўйича мураббийлар учун семинар машғулотлари ўтказилмоқда.
Халқаро кураш институти, Халқаро кураш ассоциацияси ва Италия кураш академияси ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда италиялик бир гуруҳ кураш мутахассислари курашнинг 7 та асосий усулларига тегишли бўлган техникаларни ўрганиш асносида ушбу усулларнинг тўғри бажарилишини назарий ва амалий машғулотларда кўриб чиқмоқда.
Семинар машғулотларини ўзбекистонлик бир гуруҳ кураш мутахассислари, жумладан Халқаро кураш ассоциацияси бош котиби Ризо Носирий ва кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг тажрибали мураббийи Олим Равшанов олиб бормоқда.
Халқаро кураш ассоциацияси матбуот хизмати хабарига кўра, курашнинг Европада ривожланиши ва оммавийлигини таъминлашга қаратилган бундай тадбирларни кўҳна қитъанинг бошқа шаҳарларида ҳам уюштириш назарда тутилган.