Ҳозир республикамизда 1 миллион 58 минг нафар ногиронлиги бўлган шахс яшайди, шу жумладан 173 минг нафари болалардир.
Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя агентлиги маълум қилди.
Бугун дунё бўйлаб «Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни» нишонланмоқда. Ушбу сана ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати, тенг ҳуқуқлари ва жамият ҳаётида тўлиқ иштирок этиш ҳуқуқини эслатиб ўтади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш йўналишида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Маҳаллаларда ижтимоий ходимларнинг уйма-уй олиб борган ишлари натижасида 34,2 минг ногиронлиги бўлган, лекин ҳолати расман белгиланмаган фуқаролар аниқланиб, уларга ногиронлик белгиланди (2025 йил — 13,1 минг, 2024 йил — 21,1 минг).
Жорий йилдан ногиронлик белгилаш жараёнлари ягона стандартлар ва рақамлаштирилган тизим орқали амалга оширилмоқда. Мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилиб, эндиликда “Инсон” марказлари, ижтимоий ходимлар, my.gov.uz портали ёки оилавий шифокорлар орқали мурожаат этиш мумкин.
Протез ва реабилитация воситаларига муҳтож 91,9 минг шахс керакли мосламалар билан таъминланди. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 3 баравар, 2024 йилга нисбатан эса 1,5 баравар ортиб, бу мақсадлар учун 138,2 млрд сўм йўналтирилди. Кафолатланган воситалар рўйхати 18 тадан 38 тагача кенгайтирилди.
Таъкидланишича, ушбу воситаларни олган 7,3 минг шахс расмий иш билан таъминланган, 5 минг нафар киши таълимга, 1 минг нафар эса адаптив спорт турларига жалб этилган.
Бу йил ногиронлиги бўлган шахсларни бандлигини ошириш мақсадида daw.hima.uz платформаси ишга туширилди. Платформа орқали рўйхатга олинган 27 минг ишлаш истагидаги фуқароларнинг 14 минг нафари (52%) ишга жойлаштирилди. Янги лойиҳалар ҳисобидан 150 минг ногиронлиги бўлган шахснинг расмий бандлиги таъминланди.
Бундан ташқари, барча туман ва шаҳарларда 656 та инклюзив таълим гуруҳи ташкил этилди ҳамда 1 171 нафар бола таълимга жалб этилди. Мамлакат бўйлаб “Ижтимоий такси” хизмати йўлга қўйилиб, шу кунга қадар 678 киши рўйхатдан ўтган ва 1,6 минг қатнов амалга оширилган.
Ногиронлиги бўлган болалар учун 458 та кундузги парвариш гуруҳи ишга туширилиб, улар орқали 3 457 нафар бола таълим ва парвариш хизматлари билан қамраб олинди.
Жорий йилда адаптив спорт турлари реестри яратилиб, 89 та спорт тури тасдиқланди. 90,3 минг ногиронлиги бўлган шахс спорт тадбирларига жалб қилинди — бу ўтган йилги кўрсаткичдан икки баравар кўп.
Шунингдек, 27,2 минг шахс агентлик санаторийларида соғломлаштирилган, 23 минг киши реабилитация қилинган. “Фаол ҳаётга қадам” дастури орқали 24,5 минг фуқаро тиббий-ижтимоий реабилитация билан қамраб олинди.