"Реал" бу мавсумда янгиланган "Сантьяго Бернабеу"дан 400 млн евродан кўпроқ маблағ ишлаб олмоқчи.
AS хабарига кўра, клубнинг умумий даромади 1,248 миллиард евро (ўтган мавсумга нисбатан +5 фоиз) бўлиши кутилмоқда ва тахминан учдан бир қисми, яъни 402,5 миллион евро стадиондан тушадиган даромадга тўғри келади.
Ўтган мавсумда фақатгина мажмуа ичидаги бизнес фаолияти ҳисобига (ўйинлар учун чипталар сотувини ҳисобга олмаганда) клуб 79,1 млн евро ишлаб топган, шундан 52,6 млн евро "Бернабеу" бўйлаб турлардан, 15,4 млн евро турли тадбирлар ва концертлардан, 10,3 млн евро ресторанлардан тушган.
Бу мавсумда турлардан тушумлар 31 фоизга ўсиши керак. Шунингдек, гастрономик ҳудудлар, VIP зоналар ва халқаро тадбирлар туфайли даромадлар сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. Бундан ташқари, "Бернабеу"нинг асосий дурдонаси ҳисобланган SkyBar ҳанузгача очилмаган.
Тез орада концерт фаолияти тўлиқ тикланиши ва Bernabéu Infinito (Apple билан ҳамкорликда) лойиҳаси ишга туширилиши кутилмоқда, бу эса стадионга виртуал реаллик кўзойнаклари орқали ташриф буюриш имконини беради.