Путин Буш билан суҳбатларда Россия ўз ерларини Украина, Қозоғистон ва Кавказга бериб юборганини айтган — “Украинская правда”.
National Security Archive нодавлат ташкилоти Россия раҳбари Владимир Путин ва Қўшма Штатларнинг ўша пайтдаги президенти Жорж Буш ўртасидаги 2001, 2005 ва 2008 йилларга оид учта суҳбат стенограммасини эълон қилди. “Украинская правда” ушбу ҳужжатларда Путиннинг Украина ҳақидаги айрим фикрларига эътибор қаратди.
"Аслида нима бўлди? СССРнинг советча эзгу иродаси дунёни ўзгартирди, ихтиёрий равишда. Россия ихтиёрий равишда минглаб квадрат километр ҳудудларини берди. Асрлар давомида Россиянинг бир қисми бўлган Украинани берди, Қозоғистонни берди, шунингдек, Кавказни ҳам берди. Буни тасаввур қилиш қийин, аммо бу партия раҳбарлари томонидан қилинган", — деган Путин 2001 йил 16 июнда Бушга.
2008 йил 6 апрел кунги суҳбатда Путин Бушга Украинани “сунъий давлат” деб таърифлаб, мамлакатнинг NATO'га кириши “АҚШ билан Россия ўртасида можаро ва узоқ давом этадиган қарама-қаршилик майдонини яратишини” айтган.
"Украинада 17 миллион рус яшайди, бу аҳолининг учдан бир қисми. Украина жуда мураккаб мамлакат. Бу табиий равишда шаклланган давлат эмас. Бу совет даврида яратилган сунъий мамлакат. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Украина Полша, Руминия ва Венгриядан ҳудудлар олди, бу ғарбий Украинанинг катта қисми. 1920–1930 йилларда Украина Россиядан ҳудудлар олди, бу мамлакатнинг шарқий қисми. 1956 йилда Украинага Қрим яримороли берилди… У ерда қарашлари жуда фарқли бўлган одамлар яшайди. Агар ғарбий Украинага борсангиз, фақат венгер тилида гапириладиган қишлоқларни топиш мумкин. Украина аҳолисининг аксарияти NATO'ни душман ташкилот сифатида қабул қилади", — дея Путиннинг сўзларини келтиради нашр.