Z-блогерлар ҳарбий қўмондонликни “юқорига” ёлғон ахборот узатганликда айбламоқда
Украина Қуролли кучлари Харков вилоятидаги Купянск шаҳри устидан назоратни қайта тиклади. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги билан боғлиқ “Рыбарь” Telegram-канал 24 декабр куни хабар қилди. Унинг маълумотларига кўра, Купянскда Россия қўшинлари учун вазият “жуда ҳам ёмон”.
Telegram-канал, шунингдек, ҳарбий қўмондонлик “юқорига” узатаётган ёлғон ахборот фронтдаги вазиятга зарар етказаётганини урғулайди: "Юқорига вазият ҳақида нотўғри докладлар берилиши оқибатида, Купянскни олиш ва тозалаш учун “керак бўлмаган” захиралар бошқа участкаларга кўчириб юборилди".
“Рыбарь” баёнотларини бошқа йирик Z-блоглар ҳам қўллаб-қувватлади. “Два майора” канали Купянск олингани ҳақидаги хабарларни “ахборот-психологик операция” деб атади, унда “биз ўзимиз ўзимизни мағлуб қилдик” дейилади. “Военный обозреватель” эса Россия ҳарбийлари Купянск ҳудудининг деярли барчаси устидан назоратни йўқотганини билдирди.
Декабр бошида, АҚШ делегациясининг Москвадаги тинчлик музокаралари арафасида, Россия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Владимир Путинга Волчанск эгаллангани ва Купянск “олингани” ҳақида ҳисобот берган эди.
Бундан ташқари, Путин Зеленскийнинг Купянскдаги стела фонида тушган фотосурати ҳақида фикр билдириб, стела ҳозир “бутунлай бошқача кўринишда”, бундан ташқари у шаҳардан бир километр узоқликда жойлашганини айтганди, шунингдек, Зеленскийни “яхши актёр” деб атаганди.