"As" нашри хабар беришича, "Реал" "Барселона"дан ҳакамлар техник қўмитаси (CTA) собиқ вице-президенти Хосе Мария Энрикес Негрейрага амалга оширилган тўловлар билан боғлиқ ҳужжат ва материалларга кириш имкониятини сўраган.
Манбага кўра, судда хусусий айбловчи сифатида иштирок этаётган мадридликлар қуйидаги маълумотларга қизиқиш билдирган:
— 2010–2018 йиллар оралиғида "Барселона" томонидан тайёрланган ички аудиторлик ҳисоботлари. Ушбу ҳужжатларда Dasnil 95, S.L., Nilsad, S.C.P., Soccercam, S.L., Best Norton, S.L., Tresep 2014, S.L. ва Radamanto, S.L. компанияларига амалга оширилган тўловлар кўрсатилиб, таҳлил қилинган ва тасдиқланган бўлиши, шунингдек, ҳисобот муаллифлари ва клуб ичидаги қабул қилувчилар ҳақида маълумот берилган бўлиши лозим;
— 2010–2018 йиллар давомида "Барселона" томонидан тузилган ва тасдиқланган йиллик молиявий ҳисоботлар ҳамда улар бўйича ташқи мустақил аудиторлик хулосалари;
— Клубнинг солиқ бошқаруви қўмитаси йиғилишлари баённомалари, уларда Dasnil 95, S.L., Nilsad, S.C.P., Soccercam, S.L., Best Norton, S.L., Tresep 2014, S.L. ва Radamanto, S.L. компанияларига қилинган тўловлар солиқ нуқтаи назаридан муҳокама қилинган бўлиши керак.
Шунингдек, Camps Legal Advisors, S.L.P. компаниясидан Dasnil 95, S.L. ва/ёки Хосе Мария Энрикес Негрейра номидан "Барселона"га юборилган барча судгача ва суд мурожаатлари ҳамда даъволарни иш материалларига қўшиш таклиф қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда "Барселона" ва унинг раҳбариятига Негрейрага тўловлар амалга оширилиши билан боғлиқ ҳолда пора олишда айблов қўйилган эди. Суд 2001–2018 йиллар оралиғида «Барселона» томонидан Хосе Мария Энрикес Негрейрага бир неча миллион евро тўланганини жиноят деб баҳолаган.