Ижтимоий тармоқларда «Қашқадарё вилояти, Ҳисор давлат қўриқхонасида ноёб турдаги қор қоплони отиб ўлдирилган»лиги ҳақида хабар тарқалди.
Ушбу хабар Табиат ресурслари вазирлиги масъуллари томонидан ўрганилди. Ўрганиш ишлари давомида, ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабар ҳақиқатга тўғри келмаслиги, Ҳисор давлат қўриқхонасида ҳеч қандай қор қоплони овланмаганлиги ёки отиб ўлдирилмаганлиги маълум бўлди.
Маълумот учун, Қор қоплони (panthera unica) «Ҳисор» давлат қўриқхонаси табиий мажмуаларида кам тарқалган тур ҳисобланади. Ҳозирги кунда у Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхати ва Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига, шунингдек, Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги Конвенция (CITES)нинг 1-иловасига (йўқ бўлиб кетиш хавфи жуда юқори) киритилган.