Бугун 22 ноябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Рақобат қўмитаси огоҳлантирмоқда

Рақобат қўмитаси огоҳлантирмоқда

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар ва телеграм мессенжерида ташкил этилган гуруҳ ва каналлар орқали овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар, малҳамлар, суртмалар, бальзамлар, дамламалар, сувларнинг тиббиётда даволаш қийин бўлган касалликларни даволаш ва олдини олишда (профилактикада) энг мақбул ва самарали восита кўринишида тарғибот қилиш кучаймоқда.

✈️ Бунда ушбу маҳсулотларнинг рекламаси “минг бир хасталикка даво” сифатида, “мўъжизакор” таъсири ҳақида истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ, бўрттирувчи иборалар асосида жойлаштирилиши, таниқли шахслар ва жамоат арбоблари томонидан мазкур маҳсулотларни тавсия қилиниши, даволашда фойдаланганликлари, таъсир доираси ва терапевтик самарадорлиги ҳақида фикрлар билдирилиши истеъмолчиларнинг режали (анъанавий) даволашдан воз кечиб, ўз-ўзини даволаш усулларини кенг қўлланилишига, ҳаттоки фожиали ҳолатларга сабаб бўлмоқда.

💬 Айниқса, реклама лавҳаларида фуқароларнинг диний туйғуларидан фойдаланган ҳолда далил сифатида диний блогерларнинг суратлари, улар иштирокидаги видео ва аудио лавҳалардан фойдаланилиб (муайян бир савдо белгиси аниқ гапирмаган бўлса-да), даволаш учун тавсиялар ва кўрсатмалар бериш орқали истеъмолчиларда маҳсулотларга нисбатан бўлган ишончни сунъий равишда оширилишига ва пировардида нотўғри хулоса чиқарилишига олиб келмоқда.

🌫 Ачинарлиси, бундай маҳсулотларни диний блогерлар томонидан бевосита реклама қилиниши истеъмолчиларни чалғитиб, уларда ушбу маҳсулотларни дори воситаси ва даволаш хусусиятига эга эканлиги ҳақида янглиш фикрлар шаклланишига ҳамда уларни истеъмол қилинишига ундамоқда.

👥 Ўз навбатида, Қўмитага рекламаларга ишониб, айнан шу каби маҳсулотларни сотиб олган, бироқ уларни истеъмоли натижасида соғлиги янада ёмонлашганлиги тўғрисида фуқвролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида БФҚлар бўйича 1 мингтага яқин мурожаатлар кўриб чиқилиб, истеъмолчиларга 118 млн сўм моддий зарарлар қопланиши таъминланган.

Маълумот учун: “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 35-моддасида овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг рекламасига доир талаблар белгиланган:
🔘улар дори воситалари ҳисобланади ва (ёки) даволаш хоссаларига эга деган таассуротни уйғотмаслиги;
🔘уларни қўллаш натижасида одамлар даволанганлиги, уларнинг аҳволи яхшиланганлигига доир муайян ҳолларга ҳаволаларни ўз ичига олмаслиги;
🔘уларнинг қўлланилганлиги муносабати билан жисмоний шахслар томонидан билдирилган миннатдорчилик изҳорини ўз ичига олмаслиги; соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;
🔘овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг тадқиқотлар ўтказилганлиги, давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги фактларга ҳаволалар қилиш, шунингдек бошқа тадқиқотлар натижаларидан уларни қўллаш учун тўғридан-тўғри тавсия шаклида фойдаланиш орқали дори воситаларига нисбатан афзалликлари ҳақидаги таассуротни юзага келтирмаслиги;
🔘ҳар бир ҳолда реклама объекти дори воситаси эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши кераклиги белгиланган.

Қонуннинг 47-моддасига асосан, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасига доир талабларни бузганлик - базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

✅ Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Рақобат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси "Реклама тўғрисида"ги Қонунига асосан ноаниқлиги,бир хил маъноли бўлмаганлиги, бўрттириб юборилиши, яшириб кетилиши, тарқатилиш вақти, жойи ва усулига нисбатан талабларнинг ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа талабларнинг бузилиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган, юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек жамият ҳамда давлат манфаатларига моддий зарар ва маънавий зиён етказиши мумкин бўлган реклама нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама эканлиги ҳақида эслатади ҳамда бундай рекламани тарқатиш қонунчиликка биноан жавобгарликка асос бўлиши ҳақида огоҳлантиради.

Киритилди: 16:22 21.11.2024. Ўқилди: 363 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!