Ўзбекистон Республикаси Президенти “Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Унга мувофиқ, Ягона портал орқали кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланиш босқичлари "3 қадам" тамойили асосида мақбуллаштирилади.
2023 йил 1 декабрга қадар давлат хизматлари марказларида 14 та "Рақамли хизмат нуқта"лари ташкил этилади.
2024 йил 1 январга қадар рақамли хизмат ва сервислар, электрон тўловлар, медиа ресурслар имкониятини бирлаштиришни назарда тутувчи Ягона портал орқали хизматларни тақдим этишнинг янги дастурий таъминот шакли жорий этилади.
"Рақамли ҳукумат" тизими доирасида:
а) Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан шакллантириладиган давлат бошқаруви ва иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларини рақамлаштириш ҳамда ҳудудларни рақамли трансформация қилиш бўйича устувор лойиҳалар амалиётга татбиқ этилади;
б) Қоғозсиз иш юритишга ўтиш жараёнини жадаллаштириш мақсадида "ljro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими негизида ишлаб чиқилган "edo.ijro.uz" модули орқали электрон ҳужжат айланиш тизимига 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ижро этувчи ҳокимиятнинг марказий аппаратлари, 2024 йил 1 майдан бошлаб ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳудудий бўлинмалари ва улар тасарруфидаги ташкилотлар тўлиқ ўтказилади.
2023 йил 1 сентябрдан бошлаб республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ахборот тизимларида "Рақамли ҳукумат" тизимининг ягона идентификаторлари ҳамда маълумотномалар ва таснифлагичлар регистри ахборот тизимида жойлаштирилган ягона умумдавлат маълумотномалар ва таснифлагичлардан фойдаланишлари шарт бўлади.
2024 йил 1 январдан бошлаб Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси томонидан ҳар ярим йилда инсон омилисиз шаклланадиган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги рақамли хизматлар ва сервислардан қониқиш даражаси рейтинги эълон қилиб борилади.
Фармонда 7 май санаси Ўзбекистон Республикаси ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ходимлари куни деб белгиланган.