Рамазон ойида 15 ёшдан кичик бўлган болаларнинг Мадинадаги Масжидул-Набавийнинг бинолари ва унинг ҳовлисига киришларига рухсат берилмайди. Бу тақиқ коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олиш учун эҳтиёт чораси сифатида жорий қилинди. Бу ҳақда ушбу масжид маъмурияти хабар берган.
Масжидул-Набавийнинг Бош раиси Рамазон ойида таровеҳ намози вақтини икки баравар қисқартирилгани, таровеҳ намозидан 30 дақиқа ўтгач масжидни ёпиш ва эътикофни (масжидда бир неча кун давомида қилинадиган ибодат) бу йил ҳам тўхтатиб туриш бўйича кўрсатма берган. Масжидул-Набавийда бундай чекловлар ўтган йилда ҳам жорий қилинганди.
Шунингдек, Масжидул-Набавийда рўзасини очишни истаганларга фақат уларнинг ўзи истеъмол қилиши учун сув ва хурмо берилади. Ифторлик пайтида овқат тарқатиш ёки одамларнинг бир жойда йиғилишларга йўл қўйилмайди. Масжид ҳовлисида саҳарлик дастурхонини ташкил қилиш ва тарқатишга ҳам рухсат берилмайди.
Саудия Арабистонида 31 март куни CОVID-19 билан боғлиқ яна еттита ўлим ҳолати қайд этилди. Ҳозирда вирус қурбонларининг умумий сони 6676 кишини ташкил қилмоқда.Мамлакатда ўтган сутка давомида 590 кишида коронавирус борлигини аниқлаган бўлиб, касалланганларнинг умумий сони 390 597 тага етган. Айни пайтда Қиролликда 5452 киши CОVID-19 дан даволанмоқда, уларнинг 699 таси оғир аҳволда.