Бугун 13 август, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

"Радарлар масаласи": ҳайдовчиларни жаримага тортишни мақсад қилиб олмаслиги керак

A A A
"Радарлар масаласи": ҳайдовчиларни жаримага тортишни мақсад қилиб олмаслиги керак

Куни кеча бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Раматовга “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида” Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилган эди.

Қайд этиш лозим, депутатлар ушбу масалага жиддий аҳамият қаратиб, бу бўйича конструктив фикрлар, асосли таклифлар, мушоҳадали саволларни ўртага ташладилар.

Депутатларнинг таъкидлашича, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг йўлларда бахтсиз ҳодисаларга учрашининг олдини олиш, йўллар инфратузилмасини яхшилаш бугун ҳар биримизни ўйлантирадиган, керак бўлса, ташвишлантирадиган масала.

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” ДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров сўз олиб, масаланинг ниҳоятда долзарблиги, фракцияда ҳам қизғин муҳокама қилинганини қайд этди. Шунингдек, Парламент сўровида берилган саволлар юзасидан ўз таклифларини билдирди. Хусусан, радарлар масаласига алоҳида тўхталиб, уларни ўрнатишдан мақсад йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилиши муҳимлиги ва ҳайдовчиларни жаримага тортишни мақсад қилиб олмаслиги кераклигини таъкидлади.

Ўз навбатида, депутатлар ҳам ҳайдовчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга хизмат қилувчи бир қатор таклифларни илгари сурдилар. Хусусан, ҳайдовчиларга йўлнинг қайси қисмида қачон “радар” ўрнатилганини олдиндан билиш имконияти яратиб берилиши шартлиги, огоҳлантириш белгилари ўрнатилган тақдирдагина ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Радар ва фотокамера қаерда жойлашганини аниқ билмаган ҳайдовчини маъмурий жавобгарликка тортиш ноўрин экани қайд этилди. Парламент сўровида ушбу масалаларга атрофлича жавоб олгандан сўнг, бу бўйича, керак бўлса, тегишли қонунни ишлаб чиқиш, мавжуд ҳуқуқий асосни такомиллаштириш зарурати юзасидан ҳам фикрлар ўртага ташланди.

Шулардан келиб чиқиб, парламент сўровини Бош вазир ўринбосари А.Раматовга юборилиши депутатлар томонидан маъқул, деб топилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Киритилди: 20:59 20.09.2023. Ўқилди: 3673 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!