Бугун 21 январь, 2020 йил, сешанба

O'ZB

Қўшиқ куйлашни ва рақсга тушишни истаб қолсак…

Қўшиқ куйлашни ва рақсга тушишни истаб қолсак…

2600 йил муқаддам шарафли аждодимиз Томир онадан  мағлуб бўлган Мидия-Форс давлати ҳукмдори Буюк Кир Парфия, Лидия,  Бобил ва Кичик Осиёдаги кўп давлатларни истило қилган. Лидияни босиб олганида унга ўзининг вакилини подшоҳ қилиб тайинлаб Лидиянинг таслим бўлган ҳукмдори Крезни ўзи билан олиб Бобилга қараб юриш қилган. У йўлда кетаётганда лидияликлар унинг вакилини ўлдириб, ўзларининг давлатларини тиклаб олгани ҳақида хабар келади.

Кир қўшинига ортга қайтиб Лидияни ер билан яксон қилишни, аҳолисини битта қолдирмай қириб ташлашни буюрмоқчи бўлганда ўз халқининг қирилиб кетишига жим қараб тура олмаган Крез ўртага тушиб: “Эй буюк ҳукмдор, ахир улар сенинг фуқароларинг. Уларни ўлдиришдан сенга фойда йўқ. Яхшиси, уларга узун пошнали оёқ кийим кийишни ва чолғу чалишни ўргат. Шунда уларнинг жанговарлик хусусияти пасайиб кетганини кўрасан”, дейди. Натижа худди кутилганидек бўлади.

1400 йил бурун ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Қўшиқ куйлагингиз ва рақсга тушгингиз келиб қолса, билингки, эркаклик хусусиятингиздан айриляпсиз экан”, деган эдилар.

Собиқ шўролар ва истиқлолнинг 25 йилида Крез тавсия қилган ва ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хавотирга тушган таомил фаол қўлланилди. Бирорта тадбир ярим-яланғоч қўшиқчи ва ўйинчи иштирокисиз ўтмайдиган бўлди. Натижада халқ нағмага кўнгил қўйиб, эл орасида нағмачи ва ғамзачиларнинг обрўси баланд бўлди. Уларни узоқдан бўлса ҳам бир бора кўриш ёшу қарининг орзусига айланди. Уларнинг қилиқларига тақлид қилиш, уларга ўхшаб кийиниш, уларнинг суратларини телефонларига жойлаб юриш ёшларнинг одати бўлди.

Жамики саҳналарни, телерадиони эгаллаб олган нағмачиларнинг  ҳар бири сўзини “Биз санъаткорлар” деган даъво билан бошлайдики, ана шу иддаони эшитган кишининг фиғони фалакка чиқиб кетади: буларнинг санъатга нима алоқаси бор? Ахир чинакам санъатнинг кушандаси-ку, улар!..

Кейин эса… биров халқни оғир уйқудан уйғотгандек бўлди. Одамлар дину диёнатни танишнинг ҳаракатига тушди. Натижада ана шу нағмачи ва ғамзачиларнинг тутумларини, ҳашаматларини, исрофларини, мақтанчоқликларини муҳокама қила бошладилар. Лекин кўпчилик ҳали ҳам асл ҳақиқатни тушунгани йўқ. Гап шундаки, бу ишларда нағмачи ва ғамзачининг асло айби йўқ. Чунки унинг бўлгани шу. Ҳамма айб элнинг ўзида.

Одамлар бутун умр бола-бақраси билан улар учун пул йиғади, уларни тўйдириш учун чет элларга бориб энг оғир ишларни қилади, нечовлари ўша ёқда ўлиб кетади, нечовлари майиб-мажруҳ бўлиб қайтади. Лекин уларнинг чўнтагини қаппайтиришдан тўхтамайди.

Беш йил бурун бир тумандаги Наврўз тадбирига беш миллионми пул бериб бир қизиқчини олиб боришибди. Қизиқчи уларга қарата: “Силарнинг пулларинг билан участкамни қуриб битказдим, катта ўғлимни уйладим. Энди мендан яна қарзларинг бор: кичик ўғлимни уйлантиришим керак”, деб очиқ айтяпти. Одамлар бўлса, кулиб ётибди. Нима учун кулаётганини билмаётган одамларга қараб туриб, менинг йиғлагим келди. Чунки ана шу Наврўз тадбири ўтаётган қишлоқ аҳолисининг ярмидан кўпининг оғзига фақат тўй-маъракаларда гўшт тегишини биламан. Ярмидан кўпининг боласи янги кийим киймайди… Лекин шу қизиқчига беришга ана ўшалардан ҳам пул йиғилган.

Хўш, энди айтинг-чи, бу ерда қизиқчини айблай оласизми?..

Ўтган йили 14 сентябрда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашлари тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни қабул қилганди. Унга кўра, жорий йил 1 январдан тўй ва бошқа маросимларни ўтказишда маълум чеклов ва тартиблар ўрнатилиши белгиланган.

Ушбу қарор бирор нарсани ўзгартирдими? Авзойидан мазкур қарор ҳам бошқаларига ўхшаб оддий халққа амал қиладиганга ўхшаб кўриняпти. Саноаткорлар эса ҳашаматини кўз-кўз қилишини янада авж пардасига кўтармоқдалар.

Чеченистонда бир қишлоқ бор экан. Номи ёдимга келмай қолди. Хуллас, ўша қишлоқ аҳолиси қишлоғидан бир талантли бола чиқиб қолса, уни ўқитиш учун пул йиғар экан. Бу йиғим бола малакали кадр бўлиб етишгунча давом этаркан. Бундай йиғимлар бизнинг юртимизда ҳам бор. Биз нағмачи ва ғамзачилар бойликдан ёрилиб кетадиган бўлганча йиғишда даво этамиз ва уларнинг соясига салом бериб юрамиз. Сенатнинг қарори эса биз, оддий халқ учундир, балки билмадим…

Дамин ЖУМАҚУЛ

Manba: hidoyat.uz

 

Киритилди: 08:00 14.01.2020. Ўқилди: 1350 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!