Ирвайндаги (АҚШ) Калифорния университети олимлари сайёрамизнинг аниқ контур харитасини тузиш вақтида Антарктидадаги муз қалқони остида қуруқликдаги энг чуқур янги жойни аниқлашди.
Ботиқлик Шарқий Антарктидадаги Денман музлигида жойлашган бўлиб, унинг туби денгиз сатҳидан 3,5 километр пастда жойлашган.
Харитани тузишда 19 та турли тадқиқот институтининг муз қалинлиги ҳақида 1967 йилдан бошлаб олган маълумотлари қўлланган. Тадқиқот, шунингдек, миллион квадрат километр ҳудуд ҳақидаги георадиолокацион маълумотларни қамраб олган. Бундан ташқари, музнинг ҳаракатланиш тезлиги ҳақидаги ва сейсмик маълумотлар қўлланган.
Америкалик олимлар масса сақланиши ва муз оқими ҳаракати ҳақидаги физик қонунга асосланишган. Тадқиқотдан мақсад Антарктидада иқлим исиши таъсирига энг заиф жойни аниқлаш бўлган.
“Ҳисоб-китобларимизга кўра, чуқурлик денгиз сатҳидан 3,5 км пастда жойлашган, бу қуруқликдаги энг чуқур жойдир”, деб айтган тадқиқот муаллифларидан бири Мэттью Морлигем.
Бунгача сув билан тўлмаган энг чуқур ботиқ Антарктидадаги бошқа бир жой – Бентли ботиғи ҳисобланган, унинг туби денгиз сатҳидан 2555 метр пастда жойлашган.