17 ноябрь куни қўшни Қозоғистоннинг бир қатор йирик шаҳарларида ҳаво ифлосланиши хавфи ортиши прогноз қилинмоқда. “Казгидромет” маълумотларига кўра, Қозоғистоннинг Олмаота, Остона, Атирау, Оқтўбе, Чимкент, Қарағанда, Жезқазған, Темиртау, Балхаш, Уст-Каменогорск ва Риддер шаҳарларида ноқулай метеорологик шароит юзага келиши кутилмоқда.
Мутахассислар бундай шароитни шамолнинг сустлиги, туман ва атмосфера инверсияси каби омиллар билан изоҳламоқда. Қисқа муддатли ушбу метеорологик ҳолатлар атмосферанинг ерга яқин қатламида зарарли моддалар тарқалишини секинлаштириб, уларнинг тўпланишига сабаб бўлади.
Аҳолига очиқ ҳавода имкон қадар камроқ бўлиш, айниқса йирик автомобиль йўлларидан узоқроқ юриш тавсия этилмоқда. Шунингдек, сурункали ўпка касалликлари, аллергия ёки юрак-қон томир хасталиклари бўлган фуқаролар зарур дори воситаларини ўзлари билан олиб юришлари лозимлиги эслатиб ўтилган.