Чет эллик йўловчиларни олиб кетаётган автобус Қозоғистоннинг Павлодар вилояти Май тумани Қоратерек қишлоғидан 20 километр узоқликда бузилиб, йўлда қолди. Қутқарувчилар полиция ходимлари билан биргаликда автобусдан 36 кишини, жумладан, 13 нафар болани эвакуация қилди.
— Барча йўловчилар Семей шаҳридан Чимкентга транзит йўловчи сифатида келган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари эди. Ёмғирли ва паст ҳароратли шароитларда барча йўловчилар шошилинч равишда яқин атрофдаги иситиш пунктига олиб кетилди ва иссиқ овқат билан таъминланди, деб хабар берди вилоят фавқулодда вазиятлар департаменти.
Таъкидланишича, автобус аҳоли пунктига эвакуатор билан олиб кетилган. Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари туфайли йўловчиларнинг ҳеч бирига тиббий ёрдам керак бўлмаган.