Мамлакатимиз Бош консулхонаси кўмагида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов бошчилигидаги делегациянинг Қозоғистоннинг Манғистау вилоятига амалий сафари ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.
Сафар давомида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Манғистау вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ербол Избергенов билан учрашув ўтказди.
Унда Манғистау вилоятида "Улгуржи тарқатиш марказини" ташкил этиш ва ўзбекистонлик тадбиркорларнинг маҳсулотлари экспортини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув натижасида биринчи босқичда "ТОО" корхонасини очиш ва йил охиригача "Улгуржи тарқатиш маркази" фаолиятини йўлга қўйишга келишиб олинди.
Ербол Избергенов Манғистау вилояти ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги ўзаро фойдали ҳамда салоҳиятли лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканини ва улар халқларимиз фаровонлигига хизмат қилишини айтиб ўтди.
Ўзбекистон делегацияси вакиллари, шунингдек, ушбу вилоятдаги эркин иқтисодий зоналар ва "Оқтов денгиз тижорат порти" фаолияти билан танишди.