Қозоғистон Мудофаа вазирлиги мамлакат жанубида ҳарбий учувчисиз учиш аппарати (дрон) қулаб тушгани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда Қозоғистон оммавий ахборот воситалари хабар қилмоқда.
«2 июнь куни Қозоғистон Республикаси Қуролли кучлари Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларига қарашли учувчисиз учиш аппаратининг режавий ўқув-машғулот парвози чоғида Жамбил вилояти Талас тумани ҳудудига ностандарт қўниш ҳолати юз берди», — дейилади хабарда.
Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва вайронагарчиликлар йўқ.
Ҳодисага техник носозликлар сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Юз берган воқеанинг барча тафсилотларини аниқлаш учун воқеа жойига махсус комиссия юборилди. Айни пайтда қулаш ҳудудини текшириш ва ҳодиса сабабларини аниқлаш чора-тадбирлари олиб борилмоқда.