Қозоғистоннинг йирик «Макинская птицефабрика» паррандачилик заводи товуқ гўштида ўлимга олиб келадиган листерия бактериялари топилди. Микроорганизм марказий асаб тизимига таъсир қилади ва энцефалит билан менингитга, ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Россиянинг Mash телеграм канали хабар берди.
Қайд қилинишича, завод Россия, Қирғизистон ва Ўзбекистонга товуқ гўштини катта ҳажмда етказиб беради. Россиянинг Олтой ўлкаси бўйича «Росселхознадзор» ходимлари Барнаул шаҳрида парранда гўштини синовдан ўтказган. Лаборатория текширувлари гўштда хавфли Листерия бактериялари мавжудлигини аниқлаган. Товуқ гўшти партияси мусодара қилиниб, маҳсулотлар устидан қаттиқ назорат жорий этилгани таъкидланмоқда.
Листериоз юқумли касаллигининг инкубация даври 90 кунгача давом этади. Патоген нафақат марказий асаб тизимига, балки репродуктив органларга ҳам таъсир қилади. Инфекциянинг асосий юқиш йўли - бактериялар мавжуд бўлган гўштни истеъмол қилиш. Касаллик ҳомиладор аёллар, янги туғилган чақалоқлар, қариялар, саратон касаллигига чалинганлар ва иммунитети заиф одамлар учун айниқса хавфлидир.