Президент иқтисодий турғунликнинг олдини олиш учун сунъий интеллект ва платформа ечимларини ривожлантириш зарурлигини қайд этди. Қозоғистон “ўрта даромадлилар тузоғи”га дуч келмоқда — Тўқаев Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон иқтисодиёти ривожланишида муҳим тизимли муаммолар мавжудлигини қайд этди. Давлат раҳбари айрим иқтисодчилар фикрига қўшилган ҳолда мамлакат “ўрта даромадлилар тузоғи”га дуч келаётганини таъкидлади. Бу ҳақда Акорда маълум қилди. Президентнинг сўзларига кўра, иқтисодий ўсишнинг анъанавий омиллари — табиий ресурслар ва арзон ишчи кучи самарадорлиги пасайиб бормоқда. Шу билан бирга, янги ривожланиш драйверлари ҳали тўлиқ шаклланмаган ва етарлича ишга туширилмаган. У глобал тенденциялар фонида ривожланган ва ривожланаётган давлатлар ўртасидаги тафовут ортиб бораётганига эътибор қаратди. Хусусан, сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожи капитал ва инновацияларни етакчи давлатлар қўлида жамланишига олиб келмоқда. Шу муносабат билан давлат раҳбари иқтисодий турғунликнинг олдини олиш учун рақамли иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш зарурлигини қайд этди. Бу борада кенг кўламли платформа ечимларини ишлаб чиқиш, давлат бошқарувини рақамлаштириш ва сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш устувор йўналиш сифатида белгиланди. Президент, шунингдек, ягона давлат маълумотлар тизимини шакллантириш муҳимлигини таъкидлаб, давлат хизматларини тезкор ва самарали ишлайдиган тизимга айлантириш зарурлигини қайд этди.