Қозоғистоннинг амалдаги президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатнинг 2030 йилгача бўлган Ташқи сиёсат концепциясига ўзгартиришлар киритиб, собиқ президент Нурсултан Назарбаев билан боғлиқ қайдларни чиқариб ташлади.
Ҳужжатнинг аввалги таҳриридаги ташқи сиёсат тамойиллари қаторида “Биринчи президент — Элбоши Н.А. Назарбаевнинг ташқи сиёсий йўлининг давомийлиги” мустаҳкамлаб қўйилганди. Эндиликда ушбу жумла “мамлакат тараққиётининг янги босқичида ташқи сиёсий курснинг давомийлиги” деган таҳрирга алмаштирилди.
Шунингдек, ҳужжатдан Назарбаевга ташқи сиёсатнинг энг муҳим масалалари бўйича халққа, давлат органлари ва мансабдор шахсларга ташаббуслар билан мурожаат қилиш имконини берувчи умрбод ҳуқуқ ҳам олиб ташланди. Илгари бу ҳуқуқ унинг “тарихий миссияси” ҳамда “Биринчи президент — Элбоши тўғрисида”ги қонун билан боғланганди.
Бундан ташқари, янгиланган концепцияда “фуқаро” атамаси “Қозоғистон Республикаси фуқароси”га алмаштирилди, “Мустақиллик” ва “Суверенитет” сўзлари эса энди катта ҳарф билан ёзилади.
Ҳужжатда парламент номи қурултойга ўзгартирилди. Бу давлат тузилишининг янги тизимига мос келади, унга кўра, аввалги икки палатали парламент ўрнига мамлакатда энди бир палатали парламент фаолият юритади, дея қайд этади нашр.
1 июлдан Қозоғистонда янги Конституция кучга кирди. Унга киритилган тузатишлар март ойидаги референдумда маъқулланганди — уларни 87,15 фоиз сайловчи қўллаб-қувватлаган. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловда иштирок 73,12 фоизни ташкил этган.
Асосий ўзгаришлардан бири икки палатали парламентдан бир палатали — қурултойга ўтиш бўлди. Унинг таркибига 145 нафар депутат киради ва улар партиялар рўйхати бўйича сайланади. Парламент сайловлари 2026 йилнинг августига режалаштирилган. Бундан ташқари, мамлакатда давлат маслаҳатчиси лавозими ўрнига вице-президент лавозими қайтарилган.
Киритилди: 13:45 20.08.2026.
Ўқилди: 1117 марта.
Фикрлар сони: 0 та.