Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Қозоғистонда 31 декабргача мол гўштини экспорт қилиш бўйича квота жорий этилди. Чекловлар янги, совутилган ва музлатилган қорамол гўштига тааллуқли.
Квотанинг умумий ҳажми 13 минг тоннани ташкил этади. Ушбу қоидалар гўштни ЕОИИ (Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи) мамлакатларига ҳам, учинчи мамлакатларга ҳам экспорт қилишга тааллуқли.
Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги квоталар жорий этилиши ва гўшт экспорти устидан назорат ўрнатилишини ички бозорда гўшт тақчиллигига йўл қўймаслик ҳамда мол гўшти нархини барқарорлаштириш учун зарур чора эканини билдирди.
Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаровнинг сўзларига кўра, янги чоралар майда қассобхоналарга қўшни давлатларга чорва молларини қайта сотиш имконини бермайди. Илгари компаниялар ҳайвонларни сотиб олиб, бўрдоқига боқмасдан, шу жумладан Ўзбекистонга ҳам олиб кетган. Бу бозорни бузган ва мамлакат ичида мол гўшти нархининг ошишига олиб келган.