Бугун 13 декабрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Қорақалпоғистонда туман ҳоким ўринбосари жавобгарликка тортилди

Қорақалпоғистонда туман ҳоким ўринбосари жавобгарликка тортилди

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан ўтказилган ўрганишда Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани ҳокими ўринбосари А.Б.нинг "Тадбиркор виртуал офиси" орқали "ЙКН" МЧЖ (номи ўзгартирилган) раҳбари йўллаган мурожаатни бир ойдан ортиқ вақт ўтгандан кейин кўриб чиққани аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасида мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари ва қарор қабул қилиш тартиби тасдиқланган. Унга кўра, мурожаатларни кўриб чиқишдан сўнг давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари ҳар бир ариза ва шикоят бўйича қарор қабул қилади. Бу ҳақда мурожаатчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар етказади.

Қонуннинг 28-моддасида эса ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда, 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган.

Мансабдор шахс юқоридаги ҳаракати орқали “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талабларини бузиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 43-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этгани учун унга нисбатан Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан маъмурий баённома тузилди.

Маълумот ўрнида, жорий йил бошидан бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикасида мансабдор шахслар томонидан жами 88 та ҳуқуқбузарлик содир этилган бўлиб, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан уларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома тузилган.

Киритилди: 16:31 24.07.2024. Ўқилди: 1526 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!