Айни дамда Қорақалпоғистон Республикасида «Орол туризми» халқаро ҳафталиги доирасида «Оролбўйи эзгу ният элчилари» халқаро конференцияси бошланди. Конференцияда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бош прокуратура, Туризм қўмитаси вакиллари, шунингдек, экологияга оид институтлар, таълим муассасалари мутахассислари, хорижлик экспертлар ва бошқалар иштирок этмоқда.
Конференция очилишида Экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг табригини вазирлик бўлим бошлиғи Заррина Абдуллаева ўқиб эшиттирди.
«Сўнгги йилларда давлат раҳбари ташаббуси билан Оролбўйи ҳудудида бир қанча ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Орол денгизининг қуриб қолган қисмида экотизимни яхшилаш, мавжуд биохилмахилликни сақлаб қолиш, илмий тақиқотлар ва инновацияларнинг илғор тажрибаларини жорий этиш, экологик фожиа оқибатларини юмшатиш ҳамда бартараф этиш учун тизимли инновацион ёндашувларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бугуннинг кечиктириб бўлмас вазифаларидан ҳисобланади. Ўйлайманки, конференция натижалари Орол денгизи муаммолари ва уларни илмий асосда ўрганиш ўзининг ижобий натижасини бериб, келажак авлод учун муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ўзгаришлар учун омил бўлади», – дейилади табрикда.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов эса ҳудудда «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш мақсадида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталди.
«2018 йилнинг декабрь ойидан бошлаб Орол денгизининг суви қуриган тубида чўл ўсимликлари уруғлари ва ниҳолларини экиш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, ўтган 2018–2024 йилларда жами 1,8 млн гектардан ортиқ майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан иборат янги ўрмонзорлар барпо этилди ҳамда ушбу ишларни амалга оширишда 7 минг тоннадан ортиқ чўл ўсимликлари уруғлари экилди», — деди у.
Шунингдек, Бош прокурор ўринбосари Шерзод Тўхтабоев соҳага оид ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш борасида Экология вазирлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда самарали ишлар олиб борилаётганини қайд этди.
«Дарахтлар кесилишига эълон қилинган мораторий ижросини таъминлашга қаратилган тарғибот ва назорат тадбирлари натижасида бундай қилмишлар сони 2024 йилда 2022 йилга нисбатан 3 бараварга камайди, — деди Шерзод Тўхтабоев. — Шунингдек, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш борасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат тадбирлари кескин кучайтирилиб, натижада браконерлик ҳолатларини аниқлаш икки баробарга ошди».
Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Сардор Ниязов конференция давомида экологик муаммоларни ҳал қилишда ёшлар катта куч эканлигини айтиб ўтди.
“Биз, шубҳасиз, ёш авлодга катта умид боғлаймиз. Улар нафақат билимли ва фаол, балки инновацион ёндашувларга эга. «Эзгу ният элчилари» орасидаги ёшларимиз – минтақанинг эртанги етакчилари, — деди у. — Орол фожиаси бугун биз учун нафақат имтиҳон, шу билан бирга бирлашиш учун ҳам имкониятдир”.
Конференцияда мутахассислар томонидан Оролбўйида дарахтзорларни кўпайтириш, шўрланишни камайтириш, чўлланишнинг олдини олиш, ҳудуд аҳолисининг турмуш тарзини яхшилаш, бу борада таълимни кучайтириш ва малакали кадрлар тайёрлаш, иқлим ўзгариши масалалари каби долзарб экологик лойиҳаларга эътибор қаратилмоқда.
Маълумот учун, ҳафталик доирасида экологик ва туризм маданиятини янада ошириш мақсадида қатор тадбирлар режалаштирилган. Хусусан, Хўжайли туманида жойлашган қадимий Миздахкон комплекси, Савитский номидаги давлат санъат ҳамда тарих музейлари ҳамда «Қорақалпоқ этно аул» туризм марказига экскурциялар уюштирилди.
Шунингдек, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш акцияси, «10 минг қадам» жамоатчилик лойиҳаси (пиёда юриш марафони), «Орол балиқларидан 99 турдаги таомлар» халқаро гастрономик фестивали, талабалар ўртасида бадминтон спорт тури бўйича мусобақа ҳамда «Опен-аир» концерт дастури ташкил этилади.