Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида боғча болаларини олиб кетаётган автомобиль ЙТҲга учрагани ҳақида хабарлар ва ЙТҲдан сўнг олинган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Расмийлар ҳолат юзасидан маълумот берди.
Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг билдиришича, видеода акс этган ҳолат 19 июнь куни соат 09:55 да Беруний тумани Қурувчилар кўчасидан ўтувчи 4Р161 автомобиль йўлининг 16–17-километрларида юз берган. С.Г. ўзининг бошқарувидаги Nexia-3 да йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Бунинг оқибатида икки нафар вояга етмаган бола тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат этган ва тиббий ёрдам кўрсатилган.
Қорақалпоғистон ИИВ матбуот хизмати ахборотига кўра, 1981 йил туғилган С.Г. бошқарувидаги Nexia-3 ҳаракатланиб бораётганида У.К. бошқарувидаги Gentra автомобиль йўлига чиқиб юбориши натижасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Оқибатда Nexia-3 ҳайдовчиси ва ушбу автомобилда йўловчи сифатида кетаётган 2018 йил туғилган Х.Ф. ва 2021 йил туғилган Н.С. тан жароҳати олиб Беруний тумани тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Ҳозирда уларнинг соғлиғи жойида.
Юз берган ҳодиса юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.